Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов идоранинг 2026 йилнинг тўққиз ойидаги фаолияти якунларини сарҳисоб қилар экан, маълум қилди.
У аввал якунланган йирик битимлар қаторида Coca-Cola Uzbekistan компаниясидаги давлат улушининг 252 млн долларга, «Фарғонаазот» корхонасидаги давлат улушининг 140 млн долларга ҳамда Самарқанд автомобиль заводидаги давлат улушининг 75,2 фоизи 80 млн долларга сотилганини қайд этди. Ушбу битимлар йил охирига қадар амалга ошириладиган янги хусусийлаштириш дастурига кирмайди.
Компаниялардаги давлат улушларини сотишдан ташқари, 1 242 та кўчмас мулк объекти ва тадбиркорлик ҳамда шаҳарсозлик фаолияти учун мўлжалланган қарийб 8 минг гектар ер майдонини реализация қилиш режалаштирилган. Шунингдек, давлат иштирокидаги яна 85 та корхонани тугатиш ёки қайта ташкил этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, аввал сотилмаган 84 та актив бошланғич нархи 1 млн сўмдан белгиланган ҳолда аукционга қайта чиқарилади.
Ер савдоси 4,7 трлн сўм тушум келтирди. Йил бошидан буён тадбиркорларга 11 796 та лот доирасида жами 2,8 минг гектар ер майдони 4,7 трлн сўмга сотилган.
Шу билан бирга, фуқаролар ва юридик шахслар фойдаланишида бўлган, умумий майдони 3 509 гектарни ташкил этувчи 36,5 мингдан ортиқ ер участкаси хусусийлаштирилган.
Хусусийлаштириш жараёнини тезлаштириш мақсадида давлат мулкини сотиб олиш шартлари ҳам қайта кўриб чиқилмоқда. Дастлабки тўлов миқдори 35 фоиздан 15 фоизгача камайтирилди, қолган суммани эса фоизсиз бўлиб тўлашга рухсат берилди. Белгиланган шартларга риоя қилган харидорларга 25 фоизгача чегирма ҳам тақдим этилиши мумкин.
2026 йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра, хусусийлаштириш ҳажми 26 трлн сўмни ташкил этди. Ҳисобот даврида умумий қиймати 53,2 трлн сўмлик давлат активлари ва ер участкалари савдога чиқарилди.
В. Новиков
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.