Парламент қуйи палатаси қонунни 2025 йил 10 июнь куни қабул қилган, Сенат эса уни 2026 йил 8 апрелда маъқуллаган эди.
Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Адҳам Назирқулов соҳавий қўмита давлат раҳбарининг таклифларини ўрганиб чиққани ва ҳужжатни бундан буён кўриб чиқишни тўхтатиш зарурлиги ҳақида хулосага келганини маълум қилди.
«Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси қонун бўйича билдирилган таклифларни батафсил ўрганиб чиқди. Ўрганиш якунлари бўйича қўмита ушбу таклифлар асосли эканини, шу муносабат билан мазкур қонунни Қонунчилик палатасида бундан кейин кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келди», — деди Назирқулов.
Сўзга чиқишдан сўнг раислик қилувчи қўмита ҳужжатни кўриб чиқишдан олиб ташлашни таклиф қилаётганига аниқлик киритди ва тегишли қарор лойиҳасини овозга қўйди.
Депутатлар таклифни қўллаб-қувватлади. Маърузачига саволлар берилмади ва муҳокамалар бўлмади.
Шу билан бирга, мажлисда қонуннинг айнан қайси нормалари президент эътирозига сабаб бўлгани ва нима учун унга тузатишлар киритиш ўрнига, уни кейинчалик кўриб чиқишдан воз кечиш бўйича қарор қабул қилингани очиқланмади.
Шунингдек, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторлари фаолиятини тартибга солувчи янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилаётгани ёки йўқлигига ҳам аниқлик киритилмади.
Сенат учун тайёрланган маърузадан маълум бўлишича, ҳужжатда қонунчиликда «антифрод-тизим» ва «виртуал тўлов терминали» тушунчаларини, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, таваккалчиликларни бошқариш ва фирибгарликка қарши курашиш талабларини мустаҳкамлаб қўйиш назарда тутилганди.
Тўлов бозори иштирокчиларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва энг кам устав капиталига нисбатан талаблар белгиланиши асосий ўзгаришлардан бири бўлган.
Хусусан, тўлов ташкилотларини фақат акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этиш таклиф қилинган. Улар учун устав капиталининг энг кам миқдори 20 млрд сўмни, тўлов тизимлари операторлари учун эса 50 млрд сўмни ташкил этиши керак эди.
Бунда лицензия олиш учун ариза беришдан олдин капитални тўлиқ шакллантириш ва банк ҳисобрақамига жойлаштириш зарур эди. Уни шакллантириш учун кредит, гаровга қўйилган ва бошқа мажбурият юклатилган маблағлардан, шунингдек, жиноий йўл билан топилгани гумон қилинган маблағлардан фойдаланиш тақиқланганди.
Қонунда, шунингдек, хорижий инвесторларнинг айрим тоифаларининг тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторлари капиталидаги иштирокига чекловлар назарда тутилганди. Халқаро молия институтлари, хорижий банклар ҳамда соҳага ихтисослашган тўлов ва кредит ташкилотларига кирмайдиган норезидентларнинг, шунингдек, тегишли чекловларга тушувчи жисмоний шахсларнинг умумий улуши 50 фоиздан ошмаслиги керак эди.
Бундан ташқари, Марказий банкнинг ваколатларидан тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторлари устав капиталининг энг кам миқдорларини белгилашни чиқариб ташлаш таклиф қилинган, чунки бу талаблар бевосита қонунда мустаҳкамлаб қўйилаётганди.
Тушунтириш материалларида қайд этилишича, ўзгаришлар молиявий фирибгарлик, мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслик ва тўлов хизматларидан фойдаланувчилар ҳуқуқларининг бузилиши хавфини камайтириши керак эди.
Ушбу нормаларнинг қайси бири президентнинг концептуал эътирозларига сабаб бўлгани номаълум.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.