Бола ўз фикрини равон баён эта олса, талаба мураккаб мавзуни тушунган ҳолда ўрганса, фуқаро расмий ҳужжат мазмунини осонгина англаса — тил тараққиётининг натижаси айнан шунда кўринади", — деди давлат раҳбари.
«Инсон айнан тил орқали ўзини англайди, оиласи ва эл-юртига меҳр туйғусини ифода этади. Халқнинг хотираси, билим ва тажрибаси, орзу-умидлари ҳам тилда мужассам бўлади. Давлат тилининг қадри ва аҳамияти ҳақида гапирганда биз, аввало, ана шу жиҳатларни етакчи ўринга қўямиз», — деди президент.
«Бизнинг буюк аждодларимиз айнан она тилимиз бойликларидан илҳом олиб, илм ва адабиёт оламида дурдона асарлар яратганлар, инсон қалби ва жамият ҳаёти ҳақида теран фикрлар ёзиб қолдирганлар. Ана шу анъаналарни давом эттирган ҳолда, ўз тилимизнинг имкониятларини янги илм, технология ва ижод намуналари билан бойитиш бизнинг масъулиятли вазифамиздир», — дейилади табрикда.
Президент «жамиятдаги дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг муҳим асоси — ҳар бир инсоннинг она тили ва маданий қадриятларига ҳурмат ҳамда эътибор билан муносабатда бўлишдир. Шу боис мамлакатимизда қорақалпоқ ва бошқа тилларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга, ўзбек тилини ўрганиш учун қулай шароитлар яратиш борасидаги ишлар ўзаро узвий боғлиқ ҳолда амалга оширилмоқда», деб таъкидлади.
У ёшлар ўзбек тилида фикрлаши ва ижод қилиши, шунингдек, хорижий тилларни ўзлаштириб, дунёдаги ижобий ўзгаришлар билан ҳамқадам бўлиши учун янада қулай шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади. Бунда таржима санъати алоҳида ўрин тутади. У орқали инсоният тафаккури хазинасининг дурдоналари билан танишиш, ўзбек тилидаги ғоя ва асарларни бошқа халқларга етказиш мумкин.
Шавкат Мирзиёев хорижда ўзбек тилидан дарс бераётган ўқитувчиларни рағбатлантириш, тадқиқотчи ва талабаларнинг қизиқишини ошириш, уларни сифатли адабиётлар ҳамда таълим ресурслари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қўшимча қилди.
«Ўзбек тилини она тили сифатида ўрганаётган бола билан уни давлат тили сифатида эгаллаётган ўқувчининг эҳтиёжлари ўртасида албатта фарқ бор. Дарслик ва ўқитиш усулларини янгилашда бу албатта ҳисобга олиниши лозим, — деди у.
Шавкат Мирзиёев дарс бериш сифати, болалар адабиёти, кутубхоналар ва замонавий таълим воситалари тилга бўлган қизиқишни оширишини қайд этди. У бу жараённинг муҳим қисми сифатида «оиладаги самимий суҳбат, китобларни биргаликда ўқиш ва боланинг саволларига эътибор қаратиш»ни тилга олди.
«Қонунлар, қарорлар, йўриқномалар ва мурожаатларга жавоблар саводли, равон ва тушунарли тилда ёзилиши керак. Фуқаро ўз ҳуқуқ ёки мажбуриятларини тушунишда ортиқча қийинчиликларга дуч келмаслиги лозим», — деди у.
«Давлат тилига ҳурмат давлат хизматининг сифатида ҳам кўриниши керак», — деб қўшимча қилди давлат раҳбари.
«Бу борада ҳурматли олимларимиз, тилшунос, таржимон ва мутахассисларнинг ҳамкорлиги зарур. Атамаларни танлашда маъно аниқлиги, уларнинг тушунарли ва халқаро илмий мулоқот билан боғлиқ бўлишига эътибор қаратишимиз керак. Луғатларимиз ҳам тилнинг жонли тараққиёти ва янги билимларни изчил акс эттириб бориши лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Нутқни матнга, матнни овозга айлантирадиган технологиялар таълимда, меҳнат жараёнида ва кундалик ҳаётда одамларга қулайлик яратиши керак. Бундай ресурсларни тайёрлашда муаллифлик ҳуқуқи ва шахсий маълумотлар ҳимоясига оид қоидаларга амал қилиниши лозим», — деди президент.
«Биз барпо этаётган инклюзив жамият талабларидан келиб чиққан ҳолда, улардан ногиронлиги бўлган инсонлар ҳам фойдалана олишига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур», — деди давлат раҳбари.
У давлат тилидаги контентда қўлланадиган сунъий интеллект технологиялари сифати «улар инсонга қай даражада аниқ ва фойдали ёрдам бера олиши» билан баҳоланишини қайд этди.
«Бу борадаги ечимлар илмий асос, жамоатчилик билан мулоқот ва амалий тайёргарликка таяниши лозим. Таълим, нашриётлар ва рақамли тизимларнинг ўзаро мувофиқлиги, турли авлодларнинг эҳтиёжлари пухта ҳисобга олиниши зарур», — деди у.
«Она тилимизни севиб, ардоқлаб, унинг шуҳратини оширишга, дунё билан мулоқотини кенгайтиришга ҳар биримиз муносиб ҳисса қўшайлик!» — дея сўзини якунлади президент.
Аввалроқ Gazeta шу куни Шавкат Мирзиёев лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш тўғрисидаги қонунни имзолагани ҳақида ёзган эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.