Ўзбекистонда суюлтирилган газ нархи ва эҳтиёжманд оилалар учун компенсация миқдори белгиланди

Ўзбекистонда суюлтирилган газ нархи ва эҳтиёжманд оилалар учун компенсация миқдори белгиланди


15 ноябрдан Ўзбекистон аҳолиси бир килограмм суюлтирилган газ учун 5 минг сўм тўлайди. Шу билан бирга, айрим тоифадаги оилалар харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Компенсациянинг энг юқори миқдори ойига 60 минг сўмни ташкил этади.

Янги тартиблар Вазирлар Маҳкамасининг 31 октябрдаги 601 ва 602-сон қарори билан тасдиқланган.

Кимлар компенсация олиши мумкин?

Давлат харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўмдан компенсация тўлайди. Ушбу тўлов бир ойда кўпи билан 20 килограмм газ учун берилади.

Компенсацияни Ижтимоий реестрга киритилган оилалар олиши мумкин. Шунингдек, реестр мезонларига мос келадиган, аммо ҳали унга киритилмаган хонадонлар ҳам тўлов олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда бир киши ҳисобига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмаслиги керак.

Оилада етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаса ҳам компенсация берилади. Тўловлар 2030 йил 1 январга қадар амалга оширилади.

Компенсацияни расмийлаштириш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш, Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланиш ёки «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига ариза топшириш мумкин.

Газни етказиб бериш харажатлари қандай қопланади?

602-сон қарорда суюлтирилган газни аҳолига етказиб бериш билан боғлиқ иқтисодий жиҳатдан асосланган харажатларни давлат бюджети ҳисобидан субсидиялаш ҳам назарда тутилган.

LPG-Trade компаниясининг бир килограмм газни етказиб бериш хизмати нархи ҚҚС билан бирга 1 300 сўм этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2026/2027 йилги иситиш мавсумида айрим эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ҳам тўланади. Аввалроқ тўловларни 30 ноябрга қадар якунлаш режалаштирилаётгани хабар қилинган эди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.