«Болалик кутмайди». Саида Мирзиёева Қаршидаги «авария ҳолатида»ги боғча, мактаб ва наркология диспансерига борди
Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 4 ноябрь куни Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш лойиҳалари ва қатор ижтимоий муассасалардаги шароитлар билан
танишди.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов сув таъминотини яхшилаш, туризм, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ривожлантириш бўйича бир қатор лойиҳаларни тақдим этди.
Жумладан, Қаршининг эски шаҳар қисмидаги қадимий «Насаф» қалъаси ҳудудида сайёҳлар учун инфратузилмани яхшилаш режалаштирилган.
Соғлиқни сақлаш соҳасида 2027 йилда вилоятда 10 та объектни реконструкция қилиш ва яна битта янги объект қуриш кўзда тутилган.
Яқин вақт ичида Қаршида Чап тармоқ каналини бетонлаш ва унинг қирғоқларини ободонлаштириш ишлари бошланади. Бу 1400 гектар ерни ҳамда маҳаллий аҳолини сув билан таъминлаш имконини беради.
Канал бўйида дам олиш ҳудудлари ва пиёдалар йўлаклари барпо этилади. Улар яқин атрофдаги тўртта маҳаллада яшовчи 25 минг киши учун ўзига хос масканга айланади, деб хабар қилди Саида Мирзиёева.
Қаршида у 43-мактаб ва 1-сонли боғчага борди. «Боғчанинг авария ҳолатида эканини, мактаб синфхоналари совуқлигини ва эски парталарни кўриш оғир бўлди. Аммо болалик кутмайди, биз бу муаммоларни зудлик билан ҳал қилишимиз шарт», —
деб ёзди Президент администрацияси раҳбари Telegram’да.
Эски боғча ўрнида 360 ўринли янги боғча қуришга қарор қилинди. Мактаб биноси эса тўлиқ таъмирланиб, «илғор лабораториялар, фаолият юритаётган ижодий тўгараклар ва, энг муҳими, алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив муҳитга эга замонавий таълим муассасаси»га айлантирилади.
Сўнг Саида Мирзиёева янги Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникуми ўқувчилари ва жамоаси билан суҳбатлашди.
«Фарзандларимиз боғчага қўйган илк қадамидан мустақил ҳаётга кириб боргунига қадар муносиб муҳитда таълим-тарбия олиши керак», — дея таъкидлади у.
Президент администрацияси раҳбари «аҳволни борича кўриш, ўзгаришларни энг мураккаб жойдан бошлаш учун» мақсадида вилоят наркология муассасасига ҳам борди.
«Муносиб шароит ва малакали ёрдам билан бирга самимий эътибор ҳам беморга куч беради. Баъзан бир оғиз далда кишида ишонч ва умид уйғотади. Ҳеч ким ёрдам сўрашдан чўчимаслиги, дарди билан ёлғиз қолмаслиги керак.», — деб ёзди у.
«Касалликнинг олдини олиш, даволаш ва реабилитацияни қамраб олган, турли соҳа мутахассислари бир жамоа бўлиб ишлайдиган тизим яратишни мақсад қилганмиз», — деб қўшимча қилди Саида Мирзиёева.
Соҳа тубдан ўзгартирилишига қаратилган махсус дастур маҳаллий ва халқаро экспертлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда. «Бунда инсон, унинг қадр-қиммати ва соғлом ҳаётга қайтишига кўмаклашиш эътибор марказида туради», — деди у.