«Ўзбекистон юқори нархга рози бўла олмайди». Вазир — Хитой компаниялари билан музокаралар ҳақида

«Ўзбекистон юқори нархга рози бўла олмайди». Вазир — Хитой компаниялари билан музокаралар ҳақида

Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев 19 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида тўртта вилоятда ирригация инфратузилмасини реконструкция қилиш бўйича Хитой компаниялари билан чўзилиб кетган музокаралар масаласига яна тўхталди. Бу ҳақда Gazeta мухбири хабар бермоқда.

Gazeta аввалроқ ёзганидек, 11 ноябрь куни у депутатларга Хитой пудратчилари ишларни ҳисоб-китоб қилинган нархдан икки баравардан ортиқ нархга бажаришни таклиф қилгани, нархларни пасайтириш бўйича музокаралар эса бир йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаётганини маълум қилган эди.

Вазирнинг сўзларига кўра, бу ҳақдаги хабарлар эълон қилинганидан сўнг Хитой вакиллари Ўзбекистон томони билан боғланган. Шу билан бирга, у айрим лойиҳалар қиймати бўйича келишмовчиликлар Хитой компаниялари билан ҳамкорликдан воз кечилганини англатмаслигини таъкидлади.

«Бу нормал жараён. Яъни тендер бўлган, тендер иштирокчилари қатнашганда, нархни баланд берган. Нархини баланд бергандан кейин яна мулоқот давом этади. Нарх пасайтирилади ва бу иш амалга ошади», — деди Хамраев.

«Лекин биз энди тендер ўтди, мана, Хитой ўзининг инвестиция пулидан берар экан, деб фалон нархга рози бўла олмаймиз. Биз Ўзбекистон манфаатини ўйлаймиз», — дея таъкидлади вазир.

Юқори нархлар ҳақидаги хабарлардан кейин нима бўлди?


Шавкат Хамраев нутқининг бошида юқори нархлар бўйича муваффақиятсиз музокаралар ҳақидаги хабарлардан сўнг яқинда унга Хитой элчихонаси ва яна бир ташкилотдан қўнғироқ бўлганини айтди.

Бироқ журналистнинг аниқлаштирувчи саволига жавобан вазир Хитой элчихонаси вакиллари шахсан у билан боғланмаганини тушунтирди.

«Хитой элчихонаси менга қўнғироқ қилмади. Шахсан менга қўнғироқ қилишмади. Улар бизнинг тегишли ташкилотларимиз билан мулоқот олиб боришмоқда», — дея аниқлик киритди у.

Хамраевнинг сўзларига кўра, хабарлар Ўзбекистон умуман Хитой пудратчиларидан норози деган таассурот уйғотган бўлиши мумкин, ҳолбуки, ишлар қиймати бўйича муҳокамалар ҳали якунланмаган.

Вазир сув хўжалиги соҳаси раҳбариятида 22 йиллик фаолияти давомида хитойлик ҳамкорлар билан умумий қиймати, унинг баҳосига кўра, 1 млрд доллардан ошадиган 15 дан ортиқ йирик лойиҳани амалга оширишда иштирок этганини таъкидлади.

«Хитой лойиҳалари бири иккинчисидан зўр, жозибадор ва самарали бўлган. Мен буни чин кўнгилдан ҳаммага очиқ-ойдин айтяпман. Бу ерда хитойликлар қатнашмаяпти. Лекин шу гапни етказиш керак», — деди у.

Хамраев журналистлардан ҳозирги музокараларни ёритишда ҳамкорликнинг аввалги тажрибасини инобатга олишни сўради.

Sinohydro 1 декабргача вақт сўради


Ишлар қиймати нега юқори бўлгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, вазир Хитой лойиҳаларини молиялаштириш хусусиятларини тушунтирди.

Унинг сўзларига кўра, маблағлар «боғланган кредит» шаклида ажратилади. Бунда пудратчиларни танлаш кредит берувчи томон таклиф қилган компаниялар билан чекланади.

«Хитойнинг кредити, „связанний“ кредит дейилади. У кредит бериб, бутун дунёга тендер қилмайди. Фақат ўзи кўрсатган маълум тўртта ё бешта компанияни беради. Ўшаларнинг ичидан ўзинг танла, дейди. Ва улар ўзининг техник шартларини беради: қандай қилиб бетон қилади, бетон қанчага бўлади ва ҳоказо. Шу нархлар сал қимматроқ чиқди. Биз мулоқот қиляпмиз», — дея тушунтирди Хамраев.

Вазир қийматни Ўзбекистон томони белгилаган даражагача пасайтиришга эришиш мумкинлигига умид билдирди.

Унинг сўзларига кўра, таннархнинг юқори бўлиши хорижий пудратчилар қурилиш техникасини олиб келиши ва материаллар манбаларини мустақил излашига тўғри келаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«Улар у ёқдан техникасини олиб келади. Бизнинг жойларимизни билмайди. Қаердан қумини олади, қаердан шағални олади ва ҳоказо. Таннархи қиммат чиқяпти. Биз унга ёрдам беришимиз керак. Таннархи арзонроқ чиқиши керак», — деди у.

Жумладан, Ўзбекистон яқиндаги карьерларни топиш, қурилиш майдонларини таъминлаш ва ҳудудни тайёрлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда кўмаклашиши мумкин.

«Карьерларни кўрсатамиз, яқинда қаерда қум, қаерда шағалл бор ва ҳоказо… Биз ҳамкорлик қилиб ўша нархга қилиш имкониятини яратсак, биз ҳам ютамиз, улар ҳам ютади», — деди вазир.

Хитойнинг Sinohydro компанияси билан ҳозирги музокаралар ҳақидаги саволга жавобан Хамраев навбатдаги муҳокама бевосита 19 ноябрь куни ўтказилганини маълум қилди.

«Бугун ҳам Sinohydro билан музокара олиб бордик. Ҳозир улар: „Бизга 1 декабргача вақт беринг“, дейишяпти», — деди у.

Шу билан бирга, вазир Ўзбекистон ишлар учун қанча маблағ тўлашга тайёр эканини айтмади.

«Йўқ, айта олмайман. Мен сизга бу рақам ошкор қилинмаслигини айтдим-ку. Тендер якунлангандан кейин айтамиз. Бизда техник-иқтисодий асослар бор», — деди Хамраев.

У қурилиш ишларини бошлаш муддатини ҳам аниқлаштирмади.

«48 млн долларлик лойиҳа 31 млн долларга амалга оширилди»


Вазир Хитой билан муваффақиятли ҳамкорликка мисол сифатида Қорақалпоғистон жанубий қисми ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича 2010 йилгача амалга оширилган лойиҳани келтирди.

Унинг сўзларига кўра, ишлар Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларидаги қарийб 100 минг гектар ерни қамраб олган. Лойиҳа доирасида қарийб 300 км коллектор қурилган ва бу дренаж сувларини чиқариш тизимини ўзгартириш имконини берган.

Аввалроқ бу мақсадлар учун «Қизилқум» ва «Беруний» мелиоратив насос станцияларидан фойдаланилган. Улар сизот сувларини тортиб чиқариб, Амударёга оқизган.

Хамраевнинг сўзларига кўра, ушбу сувга коллекторлардаги ифлосланишлар ва айрим жойларда канализация оқовалари ҳам тушган. Бундан ташқари, электр энергияси ўчирилганда насослар тўхтаб, сизот сувлари сатҳининг кўтарилиши ва ерларнинг ботқоқланишига олиб келган.

Вазирнинг таъкидлашича, янги дренаж инфратузилмаси қурилганидан сўнг ушбу насос станцияларига эҳтиёж қолмаган.

Шу билан бирга, лойиҳа қиймати дастлабки ҳисоб-китобдан анча паст бўлган.

«Ўша лойиҳанинг тендер қиймати 48 млн доллар эди. Хитой компанияси 33 млн долларга ютиб, 31 млн долларга шу ишни аъло даражада бажариб берган», — деди Хамраев.

Унинг сўзларига кўра, танловнинг бошқа иштирокчилари, жумладан, Россия ва Туркия компаниялари ишлар учун 48−54 млн доллар таклиф қилган.

Вазир, шунингдек, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, «Амузанг», «Улуғнор», «Раиш-Ҳаким», «Гулбаҳор» ва «Қоракўл» насос станцияларини реконструкция қилиш лойиҳаларини ҳам тилга олди.

Хамраевнинг сўзларига кўра, айрим лойиҳалар Хитойнинг фоизсиз кредитлари ҳисобидан, бошқалари эса 30 йилгача муддатга йиллик 1−1,5 фоизлик имтиёзли шартларда молиялаштирилган.

«Масалан, „Қоракўл“ насос станцияси учун кредит фоизсиз эди. Имтиёзли — бирорта ҳам қўшимча фоиз қўшилмаган», — деди у.

Нега Ўзбекистон каналларни бетонлаш учун кредит жалб қилмоқда?


Хамраев, шунингдек, маҳаллий компаниялар бажариши мумкин бўлган қурилиш ишлари учун Ўзбекистон нега хорижий кредитларни жалб қилаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, масала биринчи навбатда зарур маблағ ҳажми билан боғлиқ.

Вазир давлат бюджети бир вақтнинг ўзида таълим, соғлиқни сақлаш, мудофаа ва бошқа йўналишларни ҳам молиялаштиришини, шунинг учун қисқа муддатларда каналларни бетонлаш дастурини тўлиқ амалга ошириш учун сув хўжалигига ажратилаётган маблағлар етарли эмаслигини таъкидлади.

«Албатта, бюджет бизга жуда катта маблағ ажратяпти. Лекин бу билан ҳамма масаламиз ҳал бўлмайди», — деди у.

Вазирнинг фикрича, имтиёзли хорижий кредитлар ирригация инфратузилмасини реконструкция қилишни барча ишларни бир вақтнинг ўзида бюджетдан молиялаштириш заруратисиз тезлаштириш имконини беради.

Нега тўртта вилоятдаги лойиҳалар кечикмоқда?


11 ноябрь куни Қонунчилик палатасидаги «Ҳукумат соати»да Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутати Имомназар Турсунов сув хўжалигида хорижий инвестицияларни ўзлаштириш даражаси пастлиги масаласини кўтарган эди.

Жумладан, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларида ирригация инфратузилмасини реконструкция қилиш бўйича Хитой Экспорт-импорт банки иштирокидаги лойиҳалар ҳақида сўз борган. Депутатнинг сўзларига кўра, 2026 йил учун 130 млн доллар миқдорида назарда тутилган маблағлар ўзлаштирилмаган.

Унга жавобан Шавкат Хамраев дастлабки музокараларда Хитой компаниялари ишларни ҳисоб-китоб қилинган нархдан икки баравардан ортиқ нархга бажаришни таклиф қилганини маълум қилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Хитой Эксимбанкидан имтиёзли молиялаштириш сўраган. Кредитни кўриб чиқиш, лойиҳалар экспертизаси ва пудратчиларни танлаш жараёнлари қўшимча вақт талаб қилган.

Вазирнинг сўзларига кўра, кейинги тендерда CITIC компанияси ғолиб бўлган, аммо унинг таклифи ҳам белгиланган даражадан 20 фоиз қиммат бўлган. Қийматни пасайтириш бўйича келишувга эришилмагани сабабли иккинчи ўринни эгаллаган Sinohydro билан музокаралар бошланган.

Шу билан бирга, 2024 йил 29 ноябрдаги президент қарори (ПҚ — 409) билан икки лойиҳа назарда тутилган: Бухоро, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ирригация инфратузилмасини реконструкция қилишнинг дастлабки қиймати 160 млн доллар, Қашқадарё вилоятидаги алоҳида лойиҳа қиймати эса 60 млн доллар этиб белгиланган.

Шу тариқа, икки лойиҳанинг умумий дастлабки қиймати 220 млн долларни ташкил этган. Бу сумма парламент муҳокамасида ўзлаштирилмагани айтилган 130 млн доллардан фарқ қилади.

Иккита лойиҳанинг молиялаштириш манбаи сифатида Хитой Эксимбанкининг имтиёзли кредити белгиланган. Қарорда дастлаб учта вилоятдаги лойиҳага CITIC Construction компаниясини, Қашқадарёдаги лойиҳага эса CITIC Construction ва China CAMC Engineering компанияларини бош пудратчи сифатида жалб қилиш назарда тутилган.

Хамраев мажлисда каналларни бетонлаш ишларини 2027−2028 йилларда ажратилган маблағлар доирасида амалга оширишга ваъда берган эди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.