Ўзбекистоннинг 8та ҳудудида ЎРВИ билан касалланиш кўпайди

Ўзбекистоннинг 8та ҳудудида ЎРВИ билан касалланиш кўпайди


Ўзбекистонда октябрь–ноябрь ойларида саккизта ҳудудда ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) билан касалланиш ҳолатлари кўпайди. Касалланишнинг мавсумий ўсиши фонида соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов оилавий шифокорлар фаолиятини кучайтириш ва зарурат туғилганда шифохоналарда қўшимча ўринлар ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

18 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири грипп ва ЎРВИнинг олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда санитария-эпидемиология хизмати, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари, шифохоналар ва тез тиббий ёрдам вакиллари иштирок этди.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2026 йилнинг ўн ойида мамлакатда ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга камайган.

Бироқ октябрь–ноябрь ойларида Қорақалпоғистон, Андижон, Сирдарё, Фарғона, Жиззах, Қашқадарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида касалланганлар сони ошган.

Айни пайтда республика тиббиёт муассасаларида болалар учун 10 573 та ўрин ажратилган. Уларнинг бандлик даражаси одатий кўрсаткичдан бироз юқори.

Вазир шамоллаш мавсумида тиббий ёрдамни ташкил этиш бўйича ишлар етарли эмаслигини тан олди. Унинг таъкидлашича, бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини ошириш орқали стационарларга тушаётган юкламани камайтириш зарур.

«Оилавий шифокорлар ва патронаж ҳамширалари хонадонларни айланиб, аҳолига зарур тиббий ёрдам кўрсатиши керак. Шамоллаш мавсумида бирорта ҳам бемор эътибордан четда қолмаслиги лозим», — деди Элдор Адилов.

Унинг қайд этишича, оилавий поликлиникалар даражасида ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса, шифохоналардаги ўринлар сонини шунчаки кўпайтириш муаммони ҳал қилмайди.

Йиғилиш якунлари бўйича вазир эпидемиологик вазиятни ҳар куни таҳлил қилиш ва ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтиришни топширди.

Зарурат туғилганда болалар, туғруқ, юқумли касалликлар шифохоналари ҳамда шошилинч тиббий ёрдам муассасаларида қўшимча захира ўринлари ташкил этилиши керак.

Алоҳида топшириқлар шифохоналарни дори воситалари билан таъминлаш ва препаратларни тайинлаш устидан назоратни кучайтиришга тааллуқли. Антибиотиклар ва гормонал воситалар фақат тиббий кўрсатмалар асосида қўлланилиши лозим.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли ўртасида мавсумий инфекцияларнинг олдини олиш, эмлаш ва ўзини ўзи даволаш хавфлари ҳақида ахборот бериш ишларини кучайтирмоқчи.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.