«2017 йилдан буён мамлакатимиз иқтисодиёти уч баробар ўсди, 150 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилди. 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 млрд долларга етказиш, саноат ишлаб чиқаришини икки баробар ошириш, ушбу тармоқда 2 млнта юқори даромадли иш ўрни яратиш ҳамда юқори технологик маҳсулотлар улушини учдан бир қисмга етказиш мақсад қилинган. Бу вазифаларни амалга оширишда кенг қамровли стратегик шерик — Туркия билан амалий ҳамкорликни изчил ривожлантириш муҳим ўрин тутади», — деди у.

Шунингдек, Жиззах вилоятида ташкил этилаётган Атом саноати махсус саноат зонасида 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ушбу маҳсулотлар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида барпо этиладиган атом электр станциялари эҳтиёжларига ҳам йўналтирилади.
«Турк компанияларини тоғ-конь саноати, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва „яшил“ энергетикада янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қиламан», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Ўзбекистон — Туркия иқтисодий ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан бири бўлган электротехника саноатидаги кооперацияни кенгайтиришга ҳам тўхталиб ўтди. 2030 йилгача Ўзбекистонда бу тармоқ экспортини 5 млрд долларга етказиш ва 11,6 млрд доллар инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган.
Шавкат Мирзиёев Туркия компанияларига мисни чуқур қайта ишлаш, электроника, трансформаторлар, маиший техника ва электр ускуналари ишлаб чиқаришда ўзбекистонлик корхоналар билан қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишни таклиф этди.
Кейинга масала сифатида қишлоқ хўжалигидаги шерикликни кенгайтириш ҳақида гапирилди. Ўзбекистон президенти Туркиянинг аграр соҳадаги тажрибасини ҳисобга олиб, органик минерал ўғитлар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхоналар барпо этиш, боғдорчилик, сув тежовчи технологиялар ҳамда совиткич омборлари йўналишларида ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди.

Президент, шунингдек, туркиялик инвесторларни Янги Тошкент қурилиши ва мамлакатдаги йирик инфратузилма лойиҳаларида фаол иштирок этишга чақирди. У турк компанияларига янги шаҳарда тижорат ва турар жой мажмуалари, меҳмонхоналар, таълим ва тиббиёт муассасаларини барпо этиш бўйича ҳамкорлик қилишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев пулли автомобиль йўллари, аэропортлар ва логистика марказларини ривожлантиришни транспорт соҳасидаги истиқболли йўналишлар сифатида санаб ўтди.
Бундан ташкари, у мамлакатда тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга ҳам алоҳида эътибор берилаётганини айтди.
«Бунинг учун Тошкент фармацевтика паркида инвесторларга кенг қамровли имтиёз ва преференциялар, зарур инфратузилма ҳамда ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этилмоқда. Мен турк фармацевтика компаниялари учун алоҳида саноат зонасини ҳам ташкил этиш керак деб ҳисоблайман», — деди Шавкат Мирзиёев.
У 2002 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритаётган «Nobel Pharmsanoat» компанияси тажрибасини соҳадаги ҳамкорликнинг амалий намунаси сифатида кўрсатиб ўтди ва Туркиянинг бошқа етакчи фармацевтика компанияларини ҳам бу йўналишда фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.

«Туркия банклари, инвестиция фондлари ва саноат компанияларини ушбу жараёнларда янада фаол иштирок этишга чақираман», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев рақамли технологиялар ва молиявий хизматларни ҳам Ўзбекистон — Туркия иқтисодий шериклигининг муҳим йўналиши сифатида кўрсатиб ўтди.
«Ўзбекистонда АТ хизматлари экспортини 5 млрд долларга етказиш мақсад қилинган. IT Park резидентлари учун жорий этилган солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланган ҳолда турк компаниялари билан аутсорсинг, дастурий таъминот ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарур», — деди у.
Ўзбекистон президенти мамлакатда 33 йилдан буён фаолият юритаётган Ziraat Bank’нинг фаолиятини ижобий баҳолаб, Туркиянинг бошқа молия институтларига ҳам мамлакат банк секторидаги ислоҳотлар ва хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишни таклиф қилди.

Ҳозирда Ўзбекистондаги махсус иқтисодий зоналарда инвестиция ҳажми ва белгиланган шартларга қараб, 3 йилдан 10 йилгача солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилмоқда. Йирик инвесторларга тайёр ишлаб чиқариш бинолари, ер майдонлари ва зарур муҳандислик инфратузилмаси тақдим этилмоқда. Тошкент вилоятида ташкил этилган 100 гектарлик «Остим» саноат зонаси бунга мисол бўлади. Ҳозирда бу зонани кенгайтириш ишлари кетмоқда.
«Бу ижобий тажрибани бошқа ҳудудларга ҳам кенгайтиришга тайёрман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар кўприги мустаҳкам эканини, бугунги вазифа эса уни янада мустаҳкамлаш эканини қайд этди.
«Бугунги йиғилишимиздан мақсад шу: натижа қилишимиз керак», — деди у.

«Бу олий ишончни аниқ келишувлар ва амалий натижалар билан оқлаш бизнинг бурчимиз. Президент администрацияси раҳбари сифатида алоҳида таъкидламоқчиман: бугун илгари сурилган барча ташаббусларнинг ижроси ва инвесторларни қўллаб-қувватлаш бевосита бизнинг назоратимизда бўлади», — деди Саида Мирзиёева.
У кенгаш расмиятчиликдан ҳоли, барча масалага амалий ечим топадиган ва лойиҳаларни тезкорлик билан йўлга қўядиган самарали ҳамкорлик майдонига айланишига ишонч билдирди.
«Биз сиз билан доимо очиқ мулоқотда бўламиз, ҳар бир лойиҳага кўмаклашамиз. Зеро, сизнинг ютуқларингиз янги инвесторлар учун ишончли кафолатдир. Қадрли дўстлар, биз белгилаб олинган барча соҳа ва йўналишларда Туркия ишбилармон доиралари билан кенг кўламли ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрмиз. Сизларни Ўзбекистонда янги лойиҳаларни дадил бошлашга таклиф этаман. Ишонаманки, амалий ҳамкорлигимиз ҳар икки мамлакат равнақи учун узоқ муддатли муваффақият гаровига айланади», — деди Президент администрацияси раҳбари.

«Икки қардош мамлакат халқи сифатида биз Самарқанд кўчаларидан Онадолу қишлоқларигача, Бухоро меросидан қадимий цивилизациямиз қадриятларигача, Алишер Навоий шеърларидан Юнус Эмронинг самимий тилигача бўлган умумий тарихни баҳам кўрамиз. Бугун бу ерда бўлганимдан ва биргаликда ушбу тарихнинг янги саҳифаларини ёзаётганимиздан мамнунман», — деди у.
У президентларнинг қатъий иродаси билан Туркия ва Ўзбекистон ўртасида янгидан ташкил этилган кенгаш мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштиради, деб умид билдирди ва унинг қардош халқлар учун фойдали бўлишини тилади.
«Биз яшаётган давр геосиёсий кескинликлар, минтақавий можаролар, энергия хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар ва иқлим ўзгариши билан ажралиб турибди. Жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги ўзгаришлар мамлакатларнинг иқтисодий ва стратегик устуворликларини қайта шакллантирмоқда. Ўзгариб бораётган бу дунё тартибида ҳеч бир мамлакат мураккаб муаммоларни ёлғиз ҳал қила олмайди. Бундай даврда Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар тарихий ва маданий алоқаларимиздан ҳам юқори бўлиб, алоҳида аҳамият касб этмоқда. Муносабатларимизнинг бу даражаси халқларимизнинг фаровон келажаги олдида бизга катта масъулият юклайди», — деди у.

«Шу мақсадда ўтган ой Анқарада президентимиз Ражаб Тоййиб Эрдўған ва президент Шавкат Мирзиёев ўртасида имзоланган келишув асосида кенгашимиз ташкил этилди. Ишонаманки, кенгашимиз мавжуд ҳамкорлик механизмларини тўлдиради ва президентларимиз белгилаб берган икки томонлама савдо ҳажмини қисқа муддатда 5 млрд долларга, ўрта муддатда эса 10 млрд долларга етказиш мақсадига эришишимизни тезлаштиради», — деди у.
Кенгаш ҳамраиси Ўзбекистонда фаолият юритаётган тахминан 2400 турк капиталли компания ҳамда шу кунгача умумий қиймати тахминан 9,5 млрд доллар бўлган 350 яқин лойиҳани амалга оширган пудратчи фирмалар иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этаётганини айтди.
«Умид қиламанки, кенгашимиз янги инвестиция ва лойиҳаларга йўл очади, янги компанияларнинг тезроқ қўшилишига имкон беради ва халқларимизнинг умумий фаровонлигини оширишга ҳисса қўшади. Биз турк инвесторларини Ўзбекистон иқтисодиётининг барча соҳаларига, айниқса саноат, қурилиш, тўқимачилик, энергетика, технология, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ҳисса қўшишга ундаймиз», — деди у.
Жавдат Йилмаз келгуси даврда турк компаниялари Ўзбекистоннинг инфратузилмадан алоқагача, уй-жойдан соғлиқни сақлашгача бўлган кўплаб соҳалардаги йирик ривожланиш лойиҳаларида кўпроқ рол ва масъулиятни ўз зиммасига олади, деб умид билдирди.

Туркия вице-президенти, шунингдек, умумий саъй-ҳаракатлар мамлакатлар ўртасидаги мустаҳкам сиёсий ва дипломатик муносабатларни узоқ муддатли иқтисодий натижаларга айлантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлишига умид билдирди.
«Биз ўзаро ҳамкорликни умумий келажагимизни қуришдаги энг катта куч манбаларидан бири деб биламиз. Мақсадимиз — савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш орқали халқларимиз фаровонлигини ошириш ва икки қардош давлатимизнинг умумий келажагини кучли иқтисодий шериклик асосида қуришдир», — деди у.
Жавдат Йилмаз сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти 2 баробар ўсгани, бу йил ҳам 8 фоиз ўсиш кутилаётганини, қисқа муддатда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажмининг 250 млрд долларга, ўрта муддатда эса 300 млрд долларга етиши мақсад қилинганини эслатиб ўтди ва бу натижалар ўз-ўзидан бўлмаётганини айтди.

Кенгаш ҳамраиси алоқа йўлакларини нафақат транзит йўллари, балки ишлаб чиқариш, савдо, инвестиция ва бандликни ривожлантирадиган экотизимларга айлантириш кераклигини қайд этди.
«Осиё ва Европа ўртасидаги алоқалар ҳар жиҳатдан қайта шаклланаётган бу даврда Транскаспий халқаро транспорт йўлаги янги дунёнинг оғирлик марказига айланмоқда. Бу ўзгаришлар Туркиянинг ушбу ташаббусга нисбатан ўнлаб йиллардан бери билдириб келаётган қарашлари қанчалик тўғри эканини тасдиқлайди. Дунё бошидан кечираётган буюк ўзгаришлар мамлакатларимиз учун кўплаб қийинчиликлар туғдиради, аммо шу билан бирга катта имкониятлар ҳам яратади. Биз кучли тарихий мерос, чуқур инсоний алоқалар ва ҳамкорлик маданиятига эга мамлакатлармиз. Имом Бухорийнинг илм ва ҳикмат мероси, Имом Мотуридийнинг ақлга асосланган таълимоти, Алишер Навоийнинг тилимиз ва маданиятимизга қўшган ҳиссаси ҳамда Мирзо Улуғбекнинг илм-фанда очган уфқлари бугунги йўлимизни ёритадиган умумий қадриятларимиздир. Бугунги вазифамиз — ўтмишдаги умумий меросимизни келажакдаги умумий фаровонликка айлантиришдир», — деди у.

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.