Вазирнинг сўзларига кўра, канал қурилиши давом этмоқда. Ўзбекистон эса трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича Афғонистон томони билан доимий мулоқот олиб боряпти.
«Мен аввал ҳам мулоқот доимий равишда давом этаётганини айтганман. Ўтган ҳафта Афғонистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Биз ҳам уларнинг олдига бориб турибмиз. Ҳозирча Қўштепа канали қурилиш босқичида. Ушбу канал орқали сув олиш масаласи ҳали узоқ йилларга чўзилади», — деди вазир.
У Афғонистон ҳам Амударё сувидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади. Бироқ сув олиш ҳажми ва бошқа шартларни ҳали келишиб олиш зарур.
«Канал қурилиши якунланганидан сўнг қанча миқдорда сув олиниши ва бошқа масалалар бўйича битимлар имзолашга келишиб олганмиз», — деди Шавкат Хамраев.
Вазирнинг таъкидлашича, Ўзбекистон канал қурилиши жараёнини кузатиб бормоқда. Унинг фикрича, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши сув масалаларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.
Журналистлар Ўзбекистоннинг айрим ойларда Амударёдан олган сув ҳажми камайиши Қўштепа канали билан боғлиқ бўлиши мумкинми, деб сўрашди. Хамраев бу тахминни рад этди.
«Бунинг Қўштепага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Қўштепа ҳозирча бир челак ҳам сув олгани йўқ», — деди у.
Журналистлар сув олиш қачон бошланиши мумкинлиги ҳақидаги тахминий муддатларни айтишни сўраганида, вазир қуйидагича жавоб берди:
«Қурилиш якунланганидан кейин сув олишни бошлашади. Балки, 2050 йилда ҳам бошалши мумкин. Аммо 2030 йилгача сув олмаслиги аниқ».
Унинг сўзларига кўра, мавжуд ҳисоб-китобларга асосан, канал бир сонияда 450−500 куб метр сув ўтказиш имкониятига эга бўлади. Афғонистон эса ушбу канал орқали 500−600 минг гектар ерни ўзлаштиришни режалаштирмоқда. Бироқ Хамраевнинг фикрича, бу режаларни амалга ошириш катта миқдордаги қўшимча харажатларни талаб қилади.
«Аммо сув ўз оқими билан кўпи билан 200−250 минг гектар ергача етиб бориши мумкин. Қолган ерларга эса сувни насослар ёрдамида чиқаришга тўғри келади», — дея тушунтирди вазир.
У таққослаш учун Ўзбекистондаги Қарши магистрал каналини мисол қилиб келтирди. Ушбу канал орқали Қашқадарё вилоятидаги суғориладиган ерларга сув етказиб берилади.
«Биз сувни олти босқичда юқорига кўтарамиз, 30 дан ортиқ земснаряд ишлайди. Ҳар йили 2,2 миллиард кВт·соат электр энергияси сарфлаймиз. Бу жуда катта харажат», — деди cув хўжалиги вазири.
Унинг фикрича, Афғонистон ҳозирча 500−600 минг гектар ерни суғориш учун зарур бўлган кўламда бундай инфратузилмадан фойдаланиш имкониятларига етарлича эга эмас.
Шу билан бирга, вазир Қўштепа канали орқали келажакда сув олиш ҳажми бўйича дастлабки ҳисоб-китобларни ҳам маълум қилди.
«Уларнинг айтишича, сув мўл бўлган йилларда тахминан 10 миллиард куб метр, сув кам бўлган йилларда эса 6 миллиард куб метр сув олишмоқчи. Тахминий ҳисоб-китоблар шундай. Агар шундай бўлса, бу меъёрдаги кўрсаткич», — деди у.
Хамраев Амударёдаги сув ҳажми йилдан-йилга сезиларли даражада фарқ қилиши мумкинлигини таъкидлади. У келтирган ҳисоб-китобларга кўра, айрим йилларда дарё оқими тахминан 50 миллиард куб метрни ташкил этса, бошқа йилларда 100 миллиард куб метргача етиши мумкин.
Шу сабабли, вазирнинг фикрича, сув олишнинг аниқ ҳажмларини дарёнинг амалдаги сувлилик даражасидан келиб чиқиб белгилаш зарур. У сув кам бўлган йилларда Афғонистон билан ўтказилиши мумкин бўлган музокараларга мисол келтирди.
«Биз музокаралар столига ўтирамиз ва шундай деймиз: қўшнижон, бу йил сув кам, сенинг тоғларингда ҳам қор кам ёғди. Бу йил 10 миллиард куб метр сув олма, 6 миллиард ёки 4 миллиард куб метр ол. Агар қийинчиликка дуч келсанг, биз сенга ёрдам берамиз. Қишлоқ хўжалиги экинларининг айрим турлари бўйича ёрдам кўрсатамиз ёки бошқа турдаги кўмак берамиз. Лекин қуйи оқимда яшаётган ўзбекистонлик қариндошларинг ҳам деҳқончилик билан шуғуллана олишсин», — дея тушунтирди Хамраев.
«Айнан шундай мулоқот орқали Қўштепа бизни уруштирадиган канал эмас, балки дўстлик ва биродарлик каналига айланиши керак. Мен доим айтаман: ҳамма сув сабаб урушлар келиб чиқишини таъкидларди. Биз эса айнан сув туфайли музокаралар столи атрофига ўтиришга мажбур бўлаётганимизни айтмоқдамиз. Музокаралардан сўнг эса палов тайёрлаймиз ва дўст бўлиб кетамиз», — деди вазир.
Унинг таъкидлашича, бундай ёндашув Марказий Осиёда сув ресурслари танқислиги тобора ортиб бораётган шароитда айниқса муҳим аҳамиятга эга.
19 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашувда вазир дарёнинг сувлилик даражасига қараб, сув олишнинг анча юқори ҳажмларини 6 миллиарддан 10 миллиард куб метргача бўлган миқдорни тилга олди. Шу билан бирга, у каналнинг Ўзбекистон сув таъминотига эҳтимолий таъсири бўйича ҳисоб-китоблар қандай ўзгарганига аниқлик киритмади.
2026 йил октябрь ойида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Халқаро муносабатлар бўйича илғор тадқиқотлар институти каналдан амалда қанча сув олинаётгани, сув йўқотишлари ва каналдан фойдаланиш тартиби ҳақида ишончли очиқ маълумотлар ҳануз етарли эмаслигини таъкидлаган эди.
Экспертлар Афғонистон билан гидрологик маълумотларни доимий алмашиш, сув олиш ҳажмини биргаликда мониторинг қилиш ва техник мулоқотни ривожлантиришни таклиф қилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.