«Тожикистон Амударёдан Ўзбекистоннинг ҳаққини олгани йўқ». Сув хўжалиги вазири — Роғун ГЭСи ҳақида

«Тожикистон Амударёдан Ўзбекистоннинг ҳаққини олгани йўқ». Сув хўжалиги вазири — Роғун ГЭСи ҳақида

Ўзбекистон Тожикистонда Роғун гидроэлектрстанцияси қурилаётганига қарамай, Амударёдан белгиланган миқдорда сув олишда давом этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев 19 ноябрь куни журналистлар саволларига жавобан маълум қилди, деб хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Унинг сўзларига кўра, сув омборини тўлдириш босқичма-босқич амалга оширилиши керак, чунки катта ҳажмдаги сувнинг тез тўпланиши гидротехника иншоотининг хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.

«Роғун камида ҳали тўрт-беш йил қурилади ва сув тўплаш жараёни тахминан 2035 йилларгача давом этади. Янги қурилган 13,3 миллиард кублик сув омборини ҳеч қачон бирданига тўлдириш мумкин эмас. Уриб кетади, тушиб кетади», — деди вазир.

Тўғоннинг лойиҳавий баландлиги 335 метрни ташкил этади. Хамраевнинг сўзларига кўра, ҳозирда унинг баландлиги 200 метрдан ошган.

Вазирнинг маълум қилишича, ҳозир сув омборида тахминан 1−1,5 млрд куб метр сувни босқичма-босқич тўплаш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, гидроэлектрстанцияси қисман ишламоқда ва электр энергияси ишлаб чиқармоқда.

«Шуни йиғяпти аста-секин ва у ерда гидроэлектрстанцияси ҳам имконият даражасида электр энергия чиқариб беряпти ва биз Амударёдан ўзимизга белгиланган лимитларни оляпмиз. Тожикистон Ўзбекистоннинг ҳаққини олгани йўқ», — деди Хамраев.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон учун Роғун сув омборида қанча сув тўпланаётганигина эмас, балки йил давомида сувнинг қандай тартибда оқизилиши ҳам муҳим.

Роғун ГЭСидан қуйида Вахш дарёси оқимини тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга бўлган Норак сув омбори жойлашган. Вахш Амударёнинг асосий ирмоқларидан бири ҳисобланади.

«Пастда Норак сув омбори бор, уни бошқаришда қайси ойда қанча миқдорда [сув] бериши биз учун муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун биз шу ишларнинг ҳаммасини йиғилишларимизда [муҳокама қиламиз]. Тожикистон билан муносабатларимизда жуда ижобий томонга катта ўзгариш бўлган», — деди вазир.

Роғун ГЭСи қурилиши ҳақида нималар маълум?


Роғун гидроэлектрстанцияси Тожикистонда Вахш дарёсида, Норак ГЭСидан юқорида жойлашган ҳудудда қурилмоқда.

Лойиҳа баландлиги 335 метр бўлган тўғон ва ҳажми 13,3 млрд куб метрлик сув омборини барпо этишни назарда тутади.

Қурилиш тугалланганидан сўнг станциянинг ўрнатилган қуввати 3780 МВтни ташкил этиши керак. Йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми тахминан 14,4 млрд кВт/соат бўлиши кутилмоқда.

ГЭСда лойиҳада кўзда тутилган олтита гидроагрегатдан иккитаси аллақачон ишламоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон вазири томонидан айтилган сув омборини тўлдириш муддатлари Тожикистон томони тақдим этган маълумотлардан фарқ қилади.

Роғун ГЭСи лойиҳасининг расмий сайтида тўғонни лойиҳавий баландликкача қуришни 2032 йилга қадар якунлаш, сув омборини тўлиқ тўлдиришни эса 2038 йилгача амалга ошириш режалаштирилгани кўрсатилган. Хамраев айтган — тахминан 2035 йилгача бўлган муддат лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилган муддатдан уч йил олдин. Вазир сув омборини тўлдиришнинг айнан қайси босқичларини назарда тутгани аниқлаштирилмаган.

2026 йил июнь ойида Жаҳон банки Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштиришнинг иккинчи босқичини маъқуллади. Унда 300 млн доллар миқдорида грант ажратилиши кўзда тутилган.

Маблағлар қурилиш ишлари, ускуналарни харид қилиш ва ўрнатиш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда экологик мажбуриятларни бажаришга йўналтирилади.

Жаҳон банки, шунингдек, сув омборини бошқариш самарадорлигини ошириш ва қуйи оқимда сув тошқини хавфини камайтириш учун мониторинг ва прогнозлаш тизимларини такомиллаштиришни ҳам назарда тутган.

Қурилиш тугалланганидан сўнг ГЭС нафақат Тожикистонни, балки қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистонни ҳам электр энергияси билан таъминлаши керак.

Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган Ўзбекистон учун асосий масалалардан бири, айниқса қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш даврида, сувни мавсумий тўплаш ва оқизиш тартибларини келишиб олиш бўлиб қолмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.