18 октябрь куни янгиланди:
Материал эълон қилинганидан сўнг президент матбуот котиби Шерзод Асадов «Газета.uz (https://t.me/gazetauz_uzb)» билан боғланди. Давлат раҳбари иштирокида бўлиб ўтадиган тақдимот ва йиғилишларда мазкур тадбирлар иштирокчилари учун мўлжалланган ва муҳокама қилинадиган рақамлар ҳамда маълумотлар эълон қилиниши ва кўрсатилиши мумкинлигини тушунтирди.
У президент матбуот хизмати вазиятни «ўнглаш» чораларини кўришига ва тақдимот слайдларидаги суратлар қисмлари «хиралаштирилмаслигига» ишонтирди.
«Биз янги форматда иш бошлаш ва эски намуналардан бутунлай воз кечиш учун фаолиятимизни қайта кўриб чиқяпмиз. Бундан биринчи навбатда биз манфаатдормиз», — деди у.
«Ўринли танқидни тараққиётга хизмат қилувчи омил деб биламиз», — дея қўшимча қилди Шерзод Асадов.
Сўнгги ойларда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати лойиҳалар, йиғилишлар ва учрашувлардаги тақдимот слайдларининг айримлари хиралаштирилгани акс этган фотосуратларни эълон қилмоқда.
17 октябрь куни Шавкат Мирзиёевга бир қатор объектлар, жумладан, Олимпия шаҳарчаси қурилиши лойиҳаси тақдим этилди. Матбуот хизмати хабарига кўра, унда мазкур йирик лойиҳанинг «ташкилий-молиявий жиҳатлари кўриб чиқилган. Мутасаддилар бу борада хорижий компанияларнинг қурилиш материаллари ва спорт жиҳозларини етказиб бериш жадваллари бўйича таклифлари ҳақида ахборот берди».
«Газета.uz»нинг аниқлашича, фотосуратларни хиралаштириш амалиёти июль ойидан — президент маъмурияти раҳбарияти алмашгани ва у ерда кадрлар ўзгарганидан кўп ўтмай бошланган. Президент матбуот хизмати веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойланадиган кўплаб фотосуратлар маълумотни кўриш қийин бўлган ракурслардан олинган.
Лойиҳалар ҳақида расмий маълумотлар жуда кам бўлган муҳитда тақдимот слайдлари фотосуратлари журналистлар учун қўшимча маълумот манбаи бўлиб хизмат қилади. Уларнинг ёрдамида жамоатчилик янги лойиҳалар, уларнинг харажатлари ва киритилаётган ўзгаришлар ҳақида батафсилроқ маълумот олиши мумкин.
Қайд этиш жоизки, тақдимот кадрлари телеканалларда ҳали ҳам очиқ намойиш этилмоқда.
«Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти раиси Шавкат Умурзоқов электромобиль тармоғини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш қамровини оширишга қаратилган лойиҳалар бўйича тақдимотни ўтказди. 10 октябрь.
Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари тақдимоти. 27 июнь.
«Газета.uz» слайдлар суратларидан фойдаланиб, Тошкент шаҳридаги Марказий универмаг рўпарасидаги «Мовий гумбазлар» боғида «Истиқлол» мажмуасининг бўлажак лойиҳаси қандай бўлишини аниқлаганди. Бу жамоатчиликнинг мутасаддилар таклифига ўз вақтида муносабат билдириш ва ёдгорликнинг бошқа жойга кўчирилишига эришиш имкониятини берди.
Слайдлар асосида Самарқанд вилоятида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлиги таҳлили акс эттирилган мақола ҳам тайёрлашга муваффақ бўлдик. Унда фермерлар ҳокимликларнинг уларнинг фаолиятига камроқ аралашишини исташи, ерга бўлган ҳуқуқларга узоқ муддатли кафолатлар беришни сўраши, тадбиркорлар эса юқори фоизли кредитлар, юқори солиқлар, электр таъминотидаги муаммолар ва бошқалардан шикоят қилаётганлари айтилган. Бироқ президент матбуот хизмати ва давлат тасарруфидаги телеканалларда бу тафсилотлар ёритилмади. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳам тақдимотнинг тўлиқ вариантини тақдим этмади.
2021 йилнинг август ойида ҳам «Газета.uz» Ўзбекистонда 2020 йил якунига кўра тасдиқланган табиий газ захиралари ва газ конлари қайси компаниялар ўртасида тақсимлангани ҳақида ёзганди.
Таҳририят президент матбуот хизматидан изоҳ сўради ва жавобини кутмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.