Шавкат Мирзиёев Туркманистонга расмий ташрифи доирасида Маҳтумқули номидаги Туркманистон давлат университетига ташриф буюрди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.
Президентга ушбу университетнинг фахрий профессори унвонини топшириш маросими бўлди. Университет ректори Байрамгул Ораздурдиева ва Туркманистон Фанлар академияси президенти Аллаберди Аширов Шавкат Мирзиёевга фахрий профессор либоси ва тегишли унвон берилгани тўғрисидаги сертификатни тантанали топширди.
«Ҳар қандай жамиятнинг келажаги бугунги ёш авлод нақадар билимли ва ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишига бевосита боғлиқ. Айнан шунинг учун Ўзбекистонда, Туркманистонда бўлгани каби, таълим-тарбия тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бизнинг мақсадимиз — Янги Ўзбекистон ёшларини дунёқараши кенг, креатив фикрлайдиган, Ватан тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр баркамол шахслар сифатида вояга етказиш», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Вазиятдан чиқишнинг бирма-бир йўли — ҳар бир давлат, ҳар бир халқнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган конструктив мулоқот», — деди президент.
Шунингдек, у Ўзбекистон Туркманистон билан халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан самарали ҳамкорлик қилаётгани, БМТ ва бошқа ташкилотлар доирасида бир-бирини фаол қўллаб-қувватлаб келаётгани таъкидлади.
Маълумот ўрнида, Туркманистон давлат университети мамлакатнинг биринчи ва энг йирик университети. У 1931 йилда очилган Ашхобод педагогик институти негизида ташкил этилган. Ўзбекистон президенти университет ҳаётига оид кўргазмани ҳам кўздан кечирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.