Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни Туркманистонга етиб борди. Шу куни Туркманистон президентининг қароргоҳи — «Ўғузхон» сарой мажмуасида Ўзбекистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янгради. Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов биргаликда суратга тушди
Маросимда расмий делегациялар аъзолари иштирок этди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарлари қардош халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
Кейинги йилларда амалий ҳамкорликнинг барча йўналишларида катта натижалар бўлгани таъкидланди. Олий даражада эришилган келишувлар «йўл харитаси» асосида муваффақиятли амалга оширилаётгани маълум қилинди.
Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасида мунтазам мулоқотлар ва сермаҳсул алмашинувлар олиб борилаётгани айтилди.
Халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан батафсил фикр алмашилди, жумладан, Марказий Осиёда ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча йўналишларда изчил кенгайиб бораётганини қайд этди.
«Минг йиллар давомида ўзбек ва туркман халқлари ёнма-ён яшаб, бир-бирига таянч бўлиб келганлар», — деди Шавкат Мирзиёев.
Иқтисодиёт икки томонлама муносабатларнинг етакчи кучи бўлиб хизмат қилаётгани, мамлакатларнинг улкан салоҳиятини ишга солиш учун кўпроқ ҳаракат қилиш зарурлиги таъкидланди.
Томонлар кооперация лойиҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Саноат, энергетика, кимё тармоғи ва қишлоқ хўжалиги каби устувор тармоқларда янги лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш борасидаги ишларни кучайтиришга келишиб олинди.
Мамлакатлар сув соҳасида ҳамкорлик қилаётгани қайд этилди. Тошкентда имзоланган Амударё бўйича битимни кенг кўламда амалга оширмоқда.
Устувор йўналишлар орасида — ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Президентлар фан, таълим, санъат, кино ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштириш зарурлигини қайд этди.
Белгиланган мақсадларга эришишда Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
«Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга, икки мамлакатнинг равнақига хизмат қилишига ишонамиз, — деди музокаралар якунида Ўзбекистон етакчиси.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.