Ўзбекистон ва Озарбайжон мудофаа вазирлари 2023 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режасини имзолади
Ўзбекистон ва Озарбайжон Мудофаа вазирликлари ўртасида 2023 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси имзоланди. Икки мамлакат вазирлари ҳарбий, ҳарбий-техникавий, ҳарбий-таълим соҳаларидаги ҳамкорликни, шунингдек, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.
19 октябрь куни Бокуда Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ва Озарбайжон мудофаа вазири Зокир Хасанов учрашувида 2023 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик режаси имзоланди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га берган хабарига кўра, учрашувда ҳарбий, ҳарбий-техникавий, ҳарбий-таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий хавфсизлик ва бошқа қатор масалалар муҳокама қилинди.
Баҳодир Қурбонов Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ҳар икки давлат армиясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у Озарбайжонга ташрифидан мамнунлигини қайд этиб, самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва яқинлашиб келаётган
Ғалаба байрами (Иккинчи Қорабоғ урушидаги ғалаба муносабати билан 8 ноябрда нишонланадиган кун) билан табриклади.
Ўзбекистон делегацияси Озарбайжон Марказий қўмондонлик пунктида бошқарувининг техник имкониятлари билан ҳам танишди.