«Янги йилда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ишларимизни юқори босқичга кўтарамиз» — президент

«Янги йилда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ишларимизни юқори босқичга кўтарамиз» — президент

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига йўллаган Янги йил табригида 2022 йилда эришилган ютуқлар учун юртдошларга миннатдорчилик билдириб, 2023 йилда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ишлар юқори босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев телевидение орқали Ўзбекистон халқига Янги йил табригини йўллади.

Давлат раҳбари ўз табриги аввалида юртдошларга эришилган ютуқлар учун миннатдорчилик билдирди.

«2022 йилда машаққатли ва жасоратли меҳнатимиз билан тараққиёт йўлида муҳим марраларга эришдик. Инсон қадрини улуғлаш, халқимизни рози қилиш борасида янги қадамлар қўйдик. Дунёдаги ғоят мураккаб вазият, глобал инқирозга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ривожланмоқда», — дея қайд этди президент.

«Газета.uz»да реклама

«Миришкор деҳқон ва фермерларимиз фидокорона меҳнат қилиб, мўл ҳосил етиштирдилар. Саноат, қурилиш, рақамли технологиялар, туризм соҳалари жадал ривожланмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимиз ҳар томонлама обод бўлмоқда. Янги иш ўринлари ташкил этилиб, аҳоли даромадлари ва ҳаёт даражаси ошмоқда», — деди у.

«Ёшларимиз халқаро майдонларда истеъдод ва маҳоратини намоён этиб, Ватанимизни дунёга танитмоқда. Халқ овози бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири кучаймоқда. Энг муҳими, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва динлараро тотувлик ҳукм сурмоқда. Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори юксалмоқда», — дея давом эттирди Шавкат Мирзиёев.

«Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб ном берилган 2023 йилда «инсонни қадрлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ишларимизни юқори босқичга кўтарамиз».

«Фарзандларимиз сифатли таълим ва тарбия олиб, баркамол шахс бўлишлари учун бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз. Муҳтарам фахрийларимиз, азиз аёлларимиз, шунингдек, ёрдамга муҳтож инсонлар учун муносиб шароит яратиш эътиборимиз марказида бўлади», — дея қайд этди давлат раҳбари.

«Илм-фан, тиббиёт, маданият ва санъат соҳалари вакилларини, ўқитувчи ва мураббийларни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратамиз. Мухтасар айтганда, жонажон Ватанимизда ҳеч бир инсон жамиятимиз ва давлатимизнинг меҳри ва эътиборидан четда қолмайди. Бунинг учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз», — дея ишонч билдирди Шавкат Мирзиёев.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.