17 январь куни Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи доирасида мамлакат президенти Ҳалима Яқуб ва бош вазири Ли Сянь Лун билан музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Саммитдан аввал Сингапур президентининг «Истана» саройида давлат раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Сарой олдидаги майдонда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди.
Анъанага кўра, Шавкат Мирзиёев гулнинг ёнига янги турдаги орхидеянинг номи — «Шавкат Мирзиёев орхидеяси» деб ёзилган тахтачани жойлаштирди.
Шундан сўнг президентлар икки томонлама учрашув ўтказди. Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётни демократлаштириш борасидаги ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Шавкат Мирзиёев Ҳалима Яқубни ўзига қулай бўлган вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди. Сўнг «Истана» қароргоҳида бош вазири Ли Сянь Лун билан музокара ўтказилди.
Шуларни ҳисобга олиб, давлат раҳбари Сингапур билан яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг олтита асосий йўналишини кўрсатиб ўтди:
Биринчиси — инсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш. Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби иштирокида бошқарув, шаҳарсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида биргаликда давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурини амалга оширишга келишиб олинди. Шунингдек, Ўзбекистон Давлат бошқаруви академияси негизида Сингапурнинг етакчи экспертларини жалб қилган ҳолда давлат хизматчиларини интенсив қайта тайёрлаш дастури ишга туширилади.
Иккинчи йўналиш — Сингапурни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилиш. Музокараларда Сингапурнинг етакчи компаниялари тажрибаси, замонавий технологиялари ва бошқарув усулларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг йирик корхоналарини хусусийлаштириш дорасидаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва таркибий ўзгартириш, кейинчалик уларни IPOга чиқариш ва ташқи инвестицияларни жалб қилиш учун қўшма Инвестиция жамғармасини тузиш таклиф қилинди.
Учинчи устувор йўналиш — илғор «яшил» технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш. Сингапурнинг рақамлаштириш соҳасидаги ютуқларини жорий қилиш, шунингдек, ушбу мамлакатнинг «яшил» ривожланиш бўйича инновациялари ва технологияларини қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тўртинчиси — шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларни такомиллаштириш. Шаҳарларни режалаштириш ва қурилиш, кўкаламзорлаштириш, коммунал хўжалик соҳаларида ҳамкорлик бўйича тадбирлар келишиб олинди.
Ҳамкорликнинг бешинчи йўналиши — инвестициялар ва ўзаро савдони кенгайтириш, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни илгари суриш. Устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон-Сингапур инвестиция компаниясини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Олтинчи йўналиш — жамоат хавфсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувликни асраш ва радикализмга қарши курашиш борасида тажриба алмашиш.
Бундан ташқари, томонлар халқаро ва минтақавий кун тартиби масалалари юзасидан фикр алмашди. Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Ли Сянь Лунни ўзига қулай вақтда мамлакатга ташриф билан келишга таклиф этди. Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлди.
Хусусан, таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, кадрлар, шу жумладан, давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди. Шунингдек, савдо-иқтисодий шериклик ҳамда икки мамлакат прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.
Куннинг иккинчи ярмида давлат раҳбари Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактабига ташриф буюради ва Сингапурнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.
Бугуннинг ўзида Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келади. Сабаби президент энергетика ва коммунал тизимларда юзага келган аҳвол сабаб Сингапурга ташриф давомийлигини 3 кундан 1 кунга қисқартирганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.