Афғонистон Мозори Шарифда вайрон бўлган Навоий ёдгорлигини тиклаш чораларини кўради — Ўзбекистон ТИВ

Афғонистон Мозори Шарифда вайрон бўлган Навоий ёдгорлигини тиклаш чораларини кўради — Ўзбекистон ТИВ

Ўзбекистон ТИВ Афғонистонда Алишер Навоий ёдгорликлари вайрон қилинганига муносабат билдирди. Афғонистон томони билан боғланган вазирлик бу вандализм «номаълум шахсларнинг ўзбошимчалик ва ўйламасдан қилган ҳаракати» эканини билдириб, ёдгорликларни тиклаш чоралари кўрилишини маълум қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов Афғонистонда машҳур ўзбек шоири Алишер Навоий ёдгорлиги бузиб ташлангани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда Мозори Шарифдаги Алишер Навоий ҳайкали туширилган барельеф ўрнида ҳозир оқ девор борлигини, шунингдек, шоирнинг граффити услубидаги портрети парчаланганини кўриш мумкин.

Айрим хабарларда ёдгорликнинг бузилиши шоирнинг 9 февралда нишонланадиган таваллуд куни арафасида содир бўлгани ва «Толибон» аввалроқ бутун мамлакат бўйлаб тарихий шахсларнинг деворий суратлари ва граффитиларни олиб ташлагани қайд этилган.

Афғонистон Мозори Шарифда вайрон бўлган Навоий ёдгорлигини тиклаш чораларини кўради — Ўзбекистон ТИВ

Фото: Ижтимоий тармоқлар / Sputnik Афғонистон

«Афғонистонда буюк шоиримиз Алишер Навоий ёдгорликларига зарар етказилгани ҳақидаги хабарларни қайғу билан қабул қилдик», — деб ёзади Аҳрор Бурхонов.

ТИВ вакилининг сўзларига кўра, вазирлик ушбу масала юзасидан Афғонистон вакиллари билан боғланган. Уларнинг таъкидлашича, ушбу вандализм ҳолати қардош Ўзбекистон билан кўп асрлик дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган муваққат ҳукумат расмий сиёсатини акс эттирмайди.

Унинг айтишича, бу ҳолат номаълум шахсларнинг ўзбошимчалик ва ўйламасдан қилган ҳаракати натижаси бўлиб, умумий тарихий ва маданий меросга зарар етказади.

«Газета.uz»да реклама

«Афғонистон вакиллари ёдгорликларни тиклаш ва умумий меросимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш чораларини кўришини маълум қилдилар», — деди ТИВ матбуот котиби.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.