Ўзбекистондан гуманитар ёрдам олиб кетган учинчи самолёт Туркияга етиб борди, дея хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати. Ил 76МД ҳарбий самолёти 9 февраль, чоршанба куни эрталаб Газиантепга қўнди.
Бортда умумий сони 71 кишидан иборат қўшимча қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходимлари гуруҳи билан бир қаторда, навбатдаги гуманитар ёрдам партияси ҳам етказилди.
Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, ҳарбий-тиббий отряд таркибида тажрибали тиббиёт ходимларидан ташқари кинологлар (хизмат итлари билан) ва таъминотчилар ҳам бор бўлиб, улар ўз йўналиши бўйича барча керакли анжом ва ускуналар билан таъминланган.
7 февраль куни Ўзбекистондан икки самолёт зилзиладан энг кўп жабр кўрган шаҳарлар — Адана ва Газиантепга гуманитар ёрдам ва 100 нафарлик қутқарувчилар гуруҳи етказилганди. Улар этник ўзбеклар яшайдиган Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда.
8 февраль куни Туркияда қидирув-қутқарув операцияси бошланганидан буён Ўзбекистон қутқарувчилари вайроналар остидан 11 кишининг ҳаётини сақлаб қолгани, 33 кишининг жасадини аниқлангани маълум бўлди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.