Қоҳирадаги «Ал-Иттиҳодия» саройида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг музокаралари бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Миср ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиб, ўзаро муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олди. Хуусан, сиёсат, хавфсизлик, савдо ва саноат кооперацияси соҳаларидаги ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар ва таълим алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари музокараларнинг асосий мавзулари бўлди.
Президентлар Мисрнинг «Назар 2030» стратегик режаси ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бир-бирига ҳамоҳанг эканини қайд этди. Шавкат Мирзиёев Миср президентини Иқлим ўзгариши бўйича СОР 27 халқаро саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Томонлар коррупцияга, хавфсизлик соҳасидаги замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда тажриба алмашишдан, Афғонистонни барқарорлаштириш ва қайта тиклаш бўйича халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканини билдирди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Президентлар давлат раҳбарининг ташрифи арафасида ўтган Ўзбекистон-Миср ишбилармонлик тадбирларининг якунларини юксак баҳолади.
«Саноат кооперациясини ривожлантириш ва юқори рентабелли қўшма ишлаб чиқаришлар ташкил этиш мақсадида Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш таклиф қилинди. Энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Мисрни боғлаб турган транспорт йўлакларини ривожлантириш чоралари ҳам муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди. Якунда Шавкат Мирзиёев Абдулфаттоҳ ас-Сисини Ўзбекистонга ташриф билан келишни таклиф этди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.