АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Ўзбекистонга ташрифи 1 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов билан учрашувдан бошланди.
«АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан самарали учрашув ўтказдик. Бизнес алмашинуви учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳиятини ошириш, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва бошқа қатор масалалар бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришга келишиб олдик», — деб ёзади у ўзининг Telegram каналида.
Шундан сўнг Энтони Блинкен Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги «Ҳаст Имом» тарихий меъморий ансамбли билан танишди. «Газета.uz» мухбири ушбу ташрифни суратга олди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида (ЎзДЖТУ) 2022 йил ноябрь ойида бошланган икки йиллик Access дастури иқтисодий аҳволи оғир оилаларнинг иқтидорли болалари учун мўлжалланган бўлиб, дарсдан ташқари машғулотлар ва ёзги интенсив машғулотларда инглиз тили асосларини ўргатади. АҚШ элчихонаси Ўзбекистон бўйлаб 17 та Access марказига эга бўлиб, уларда 700 дан ортиқ ўқувчи инглиз тилини ўрганади.
АҚШ давлат котиби 14−16 ёшли 12 нафар ўқувчи билан учрашди, улар Америкадаги Президент куни байрами ҳақидаги билимларини, шунингдек, севимли фильмлари, таомлари ва машғулотлари ҳақидаги саволларга жавоб бериш қобилиятини намойиш этди.
«Котиб Блинкеннинг Жаҳон тиллари университетига ташрифи Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганиш ва ўқитишга катта аҳамият бераётганининг кичик бир ифодасини кўрсатди. 2018 йилдан бери АҚШ ҳукумати инглиз тилини ўрганиш ва ўқитиш учун 25 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратди. Маблағлар сабаб юқори сифатли инглиз тили дарсликлари харид қилинди ва ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб 10 мингта мактабда фойдаланилмоқда», — дея таъкидлади элчихона.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен, шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Шавкат Мирзиёев ва Энтони Блинкен икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестицион ва инновацион ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Америка етакчи компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.