Тошкент шаҳри янги ҳокими қарорларининг деярли ярми жамоатчиликдан яширилган

Тошкент шаҳри янги ҳокими қарорларининг деярли ярми жамоатчиликдан яширилган

Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов ушбу лавозимга тайинланганидан буён бир ой ўтмай 35 та қарор имзолаган бўлсада, уларнинг деярли ярми жамоатчиликдан яширилган. Қабул қилинган 14 та фармойишдан 4 таси ҳам мавжуд эмас.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтган бир ой давомида 66 та ҳужжат қабул қилинган бўлсада, 26 тасини ёки барча ҳужжатларнинг деярли 40 фоизини жамоатчиликдан яширилган. Бу «Газета.uz»нинг ҳокимлар ва халқ депутатлари кенгашлари қарорлари жойлаштириладиган «E-qaror» порталининг маълумотлари асосида тайёрланган таҳлилида аниқланди.

23 март куни Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У 27 март куни референдум арафасида сайловолди ташвиқоти учун гуруҳлар тузиш ҳақидаги биринчи қарорини имзолади. Ўшандан буён шаҳар раҳбари томонидан 49 та қарор ва фармойиш имзоланган, бироқ ҳужжатларнинг 21 таси (42,8 фоизи), шу жумладан, 35 та қарордан 17 таси (48,6 фоизи) ва 14 та фармойишдан 4 таси (28,6 фоизи) жамоатчиликдан яширилган.

Шу билан бирга, уч кун ичида — 12−14 апрель кунлари ҳоким томонидан имзоланган 14 та қарордан 10 тасига ёки 71,4 фоизи яширилган.

Тошкент шаҳри янги ҳокими қарорларининг деярли ярми жамоатчиликдан яширилган
Март ойининг охиридан бери, яъни ҳоким алмашганидан кейин халқ депутатлари Кенгаши 17 та қарор қабул қилган, шундан 5 таси ёки 29,4 фоизи яширилган.

Таққослаш учун: Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «E-qaror» порталида 2021-йил 7-июлдан 2023-йил 16-январгача 2443 та қарор ва фармойиш имзолаган бўлса, шундан 976 таси (деярли 40 фоизи), жумладан, 2013 та қарордан 772 таси (38,3 фоизи) ва 430 та фармойишдан 204 таси (47,4 фоизи) яширилган.

«Газета.uz» Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматларига сўров юборди.

«Газета.uz»да реклама

«Газета.uz» 2022 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳри ҳокимлиги шаҳар бюджетининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги кенгаш қарорини яширишга урингани ҳақида маълум қилганди. Шундан сўнг Адлия вазирлиги фақат ҳокимлар ҳужжатларни эълон қилиш ва улардан фойдаланишни чеклаш ҳуқуқига эга эканини билдирган.

Қонунчиликка мувофиқ, ҳокимликлар томонидан айрим ҳолларда фойдаланилиши чекланган ахборотларни (мудофаа, хавфсизлик, шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ҳамда бошқалар) ўз ичига олган қарор ва фармойишлар қабул қилинади.

Шу билан бирга, пойтахт ҳокимлиги томонидан баъзан иқтисодий қарорлар жамоатчиликка эълон қилинмайди. Хусусан, май-август ойларида олтита фестиваль ўтказиш учун ҳокимлик томонидан 18 миллиард сўм сарфланган, бироқ барча шартномалар тўғридан-тўғри тузилган, улар ҳақидаги ҳужжатлар «E-qaror» порталига жойлаштирилмаган. Кейинроқ Бош прокуратура томонидан собиқ Тошкент шаҳар Маданият бош бошқармасида давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари аниқланиб, фестиваллар вақтида бюджет маблағлари ўзлаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.