3 май куни Берлин шаҳридаги Бельвю саройида Шавкат Мирзиёев ва Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Президентлар Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик «мисли кўрилмаган суръатда» ривожланиб бораётганини билан қайд этди. Фаол сиёсий, гуманитар ва ишбилармонлик мулоқотлари давом этмоқда. Томонлар нуфузли халқаро институтлар, шу жумладан, БМТ доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Икки томонлама муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқиш муҳимлиги юзасидан якдил фикр билдирилди.
Жумладан, кейинги йилларда товар айирбошлаш ва қўшма лойиҳалар сони икки баробар ошди. Иқтисодиётда Германия инвестициялари ҳажми 5,5 миллиард еврони ташкил этмоқда, шундан 4 миллиард евро охирги бир неча йилда жалб қилинган.
Берлинда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланмоқда. Шу маънода, Германия минтақадаги ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини, шу жумладан, Евроиттифоқнинг «Глобал дарвоза» ташаббуси доирасида қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидланди.
Томонлар минтақада, шу жумладан, Афғонистондаги вазиятни инобатга олган ҳолда хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш борасидаги шерикликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдирди.
Маданий-гуманитар алмашинув масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Етакчилар Берлин шаҳрида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросига бағишлаб ноёб кўргазма очилаётганидан мамнунлигини билдирди.
Ўзбекистонда немис тилини ўрганиш бўйича комплекс дастурни тайёрлаш, шу жумладан, мамлакат ҳудудларида Гёте институти фаолиятини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Берлинда Германия федерал канцлери Олаф Шольц билан музокаралар ўтказганди. Ташриф давомида турли соҳаларга оид 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.