Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлиси 3 май куни чақирилади

Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлиси 3 май куни чақирилади

Олий Мажлис Сенатининг қирқинчи ялпи мажлиси 3 май куни чақирилади. Унда тадбиркорларнинг пул маблағлари дахлсизлигини таъминлаш, ходимларни касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш ҳамда Тожикистон билан ҳаво ҳудуди ва аэродромлардан фойдаланиш битими тўғрисидаги қонунлар кўриб чиқилади.

Олий Мажлис Сенати кенгашининг навбатдаги мажлисида қирқинчи ялпи мажлисини 3 май куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган мазкур ялпи мажлисда қатор қонунларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунлар шулар жумласидан.

«Газета.uz»да реклама

Шунингдек, ялпи мажлисда «Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли конвенциясини (Женева, 1977 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун ҳам сенаторлар томонидан кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида форс-мажор ҳолатларда давлат авиацияси ҳаво кемалари томонидан ҳаво ҳудуди ва аэродромлардан фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (Душанбе, 2021 йил 10 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонунлар ҳам муҳокама қилинади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.