Ўзбекистонда 9 июль куни муддатидан аввалги президентлик сайлови бўлиб ўтади. 5 та сиёсий партиядан 4 таси ўз номзодини илгари сурди: Экологик партиядан етакчиси Абдушукур Хамзаев, Халқ демократик партиясидан — Улуғбек Иноятов, «Адолат» социал-демократик партиясидан эса Робахон Маҳмудова номзод бўлиши кутилмоқда. Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП) амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида кўрсатди. «Миллий тикланиш» партияси эса Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Газета.uz» қуйида номзодларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот беради.
Май ойининг дастлабки кунларида президент Ўзбекистон давлат раҳбари лавозимига муддатидан илгари сайлов бўлиб ўтишини эълон қилди. У нима учун 3,5 йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббуси билан «воз кечаётганини» тушунтирар экан, «асосий қонунга мувофиқ, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда», дея таъкидлади ва «халқ барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ислоҳотларни кутаётганини» билдирди.
Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилояти Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати — ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Сиёсий фаолият доирасида турли йилларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳокими сифатида фаолият олиб борган.
2003 йилда Ўзбекистон бош вазири этиб тасдиқланган ва ушбу лавозимга яна уч марта — 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланган.
2016 йил 8 сентябрь куни Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ президентнинг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча бош вазир Мирзиёев зиммасига юкланган.
4 декабрь куни бўлиб ўтган президент сайлови якунлари бўйича президент этиб сайланган, 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришган. 2021 йил 24 октябрь куни иккинчи беш йиллик муддатга қайта сайланган.
Шавкат Мирзиёев оилали, 2 қиз, 1 ўғли, 6 нафар набираси бор. Рафиқаси Зироат Мирзиёева — мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи.
Амалдаги президент «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.
Абдушукур Хамзаев 1973 йил 10 декабрда Сурхондарё вилояти Узун туманида туғилган. 1995 йил Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини, 2013 йил Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган, мутахассислиги агроном олим. Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор ҳисобланади.
Экопартия марказий кенгашига раислик қилгунга қадар Хамзаев ижроия қўмита раиси ўринбосари бўлиб ишлаб келган.
У фаолияти давомида Самарқанд қишлоқ хўжалик институти агрономия факультети ўқув ишлар бўйича декан муовини, маънавият ва маърифат масалалари бўйича проректори, шунингдек, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари — Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори вазифаларида ишлаган.
2021 йилда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори (ўриндошлик асосида Тошкент давлат аграр университети профессори) бўлган.
Судьялар олий малака ҳайъати унинг судялик ваколатларини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилди. «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 62-моддасига кўра, судья сиёсий фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас.
2020 йилда президент фармони билан «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.
Улуғбек Иноятов 1962 йил Тошкентда туғилган. 1985 йилда Тошкент политехника институтини тугатган, 1998 йилда Тошкент молия институтини тугатган. 1985−1993 йилларда Тошкент политехника институтида ассистент, аспирант вазифаларида фаолият юритган.
2013−2018 йилларда Ўзбекистон халқ таълими вазири, 2018−2019 йилларда Наманган давлат университети ректори вазифаларида ишлаган. 2019 йилдан Ўзбекистон халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси.
2020 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари вазифасида ишлаб келмоқда. Оилали, 2 нафар фарзанди бор.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилги президент сайловида ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан президентликка қайта сайланган. Шунингдек, ХДП номзоди Мақсуда Ворисова 6,6%, «Миллий тикланиш» номзоди Алишер Қодиров 5,5%, Экопартия номзоди Нарзулло Обломуродов 4,1% ва «Адолат» номзоди Баҳром Абдуҳалимов 3,4% овоз олганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.