Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва давлат ташрифи билан мамлакатда бўлиб турган Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг музокаралари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Учрашувда сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.
Дипломатик муносабатлар тарихида биринчиси бўлган ушбу олий даражадаги ташриф икки томонлама ҳамкорликда янги босқични бошлаб бериши ҳамда уни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилиши қайд этилди.
Тошкентда Қатар элчихонаси очилгани икки томонлама ҳамкорликни фаол илгари суришда муҳим ўрин тутгани таъкидланди. Қатар томони Доҳада Ўзбекистон элчихонаси очилиши ушбу жараёнга кучли суръат бағишлашига ишонч билдирди.
Томонлар ўзаро савдо кўрсаткичларини ошириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга оширишга тайёр экани таъкидланди.
Лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида шу йил сентябрь ойида Ўзбекистон-Қатар инвестиция форумини ўтказиш ҳамда қўшма лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини яратиш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Давлат раҳбарлари Марказий Осиёни Кўрфаз мамлакатлари билан боғлайдиган энг қисқа, ишончли ва хавфсиз йўлакларни шакллантириш муҳимлигини қайд этди.
Маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, шу жумладан, биргаликда маданият кунлари, концерт дастурлари, кўргазмалар, ҳунармандчилик ва пазандачилик намойишларини ўтказишга келишиб олинди.
Мамлакатлар пойтахтлари ўртасида йўлга қўйилиши режалаштирилаётган мунтазам авиақатновлар ишбилармонлик алоқалари ва ўзаро сайёҳлар оқимининг ортишига хизмат қилиши таъкидланди.
Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Томонлар Афғонистонга нисбатан прагматик сиёсат юритилиши, мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатилиши муҳимлигини таъкидлади.
Трансафғон темирйўлини барпо этиш бўйича стратегик лойиҳани амалга оширишни биргаликда илгари суриш истиқболлари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунлангач, Шавкат Мирзиёев ва шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ҳузурида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган 15 та икки томонлама ҳужжатни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон-Қатар саммити якунида раҳбарлар Самарқанддаги Конгресс маркази боғида биргаликда дарахт экди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.