Табиат ресурслари вазирлигининг номи ўзгарди

Табиат ресурслари вазирлигининг номи ўзгарди

Президент фармони билан Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланди. Шунингдек, соҳадаги қонунчиликка риоя этиш ва унинг ижроси назоратига масъул бўлган бош прокурор ўринбосари лавозими жорий этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 31 май куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил борасидаги фармонни қабул қилди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжат билан Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланди. Вазирликда алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Давлат экологик назорат инспекцияси ташкил этилди.

Шунингдек, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган бош прокурор ўринбосари лавозими киритилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 январдан Ўзбекистонда вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқартирилганди. Хусусан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Гидрометрология хизмати ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бирлаштирилиб, Табиат ресурслари вазирлиги ташкил этилганди. Унга Азиз Абдуҳакимов раҳбар этиб тайинланганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.