Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Римдаги Кижи саройида Италия Вазирлар кенгаши раиси Жоржа Мелони билан музокара ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Ўрнатилган стратегик шериклик муносабатлари Ўзбекистон-Италия кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантиришда янги муҳим босқичнинг бошланиши бўлишига ишонч билдирилди.
Шавкат Мирзиёев ва Жоржа Мелони муносабатларни устувор йўналишларда янада мустаҳкамлаш истиқболларини батафсил муҳокама қилдилар. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш асосий вазифа экани таъкидланди.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди.
Маданият, итальян тилини ўрганиш, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият борлиги кўрсатиб ўтилди.
Бош вазир Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда шериклик, яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади ҳамда «Италия — Марказий Осиё» ҳамкорлик форматини янада ривожлантиришга чақирди.
Икки давлат раҳбарлари иштирокида, шунингдек, кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 11 та ҳужжат алмашиш маросими бўлиб ўтди. Ҳуқуқий масалалар, саноат мулки ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликка оид битимлар шулар жумласидандир.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Италия президенти Сержио Маттарелла билан музокара ўтказган эди.
Ўзбекистон президенти ташрифи арафасида икки давлат бизнес-форумида умумий қиймати 9 млрд евродан ортиқ бўлган сармоявий битимлар ва савдо шартномалари тўплами имзоланди.
9 июнь куни Ўзбекистон президентининг Миланга сафари белгиланган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.