Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Теҳронга расмий ташрифи доирасида якшанба куни Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаий билан учрашди.
Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни, хусусан, савдо, инновациялар ва юқори технологиялар, сармоя, саноат кооперацияси, транспорт-коммуникация, туризм ва маданий-гуманитар алмашинувлар соҳаларида ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
«Икки халқнинг кўп асрлар давомида эришган маданий-тарихий муштараклиги алоҳида таъкидланди», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Эрон президентлари ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича 15 дан ортиқ ҳужжат имзолангани хабар қилинганди.
Шавкат Мирзиёев Иброҳим Раисий ҳамроҳлигида Теҳрондаги инновациялар ва технологияларнинг ихтисослаштирилган кўргазмасига ҳам ташриф буюрди.
Шавкат Мирзиёев масъулларга юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш, Ўзбекистонда Эрон технологиялари ва инновацион ечимларини жорий этиш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш бўйича топшириқлар берди.
Таъкидлаш жоизки, ташриф арафасида Тошкентда Эрон инновациялар ва технологиялар уйи (ЭИТУ) филиали очилганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.