22 июнь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг қирқ иккинчи ялпи мажлисида сув ресурсларининг танқислиги ва уни исроф қилинишини олдини олишга қаратилган чоралар юзасидан фикрлар билдирилди.
Бу муаммо ҳақида сенатор Борий Алихонов сўзга чиқди. Сенатор нутқи давомида сувдан фойдаланишдаги муаммолар, соҳадаги камчиликларни санаб ўтди.
У тегишли идораларни жалб қилган ҳолда комплекс тадбирларни амалга ошириш зарурати борлигини таъкидлади. Бунда биринчи босқичда:
Сенат раиси Танзила Нарбаева сувни тежаш ва рационал ишлатишни ўрганиш зарурлигини таъкидлади.
«Кундалик ҳаётимизда сувни беҳуда, мақсадсиз исроф қилиш ҳолатларига кўп дуч келмоқдамиз. Охирги пайтларда сув билан боғлиқ тизимли муаммолар ҳақида жамоатчилик бонг урмоқда. Турли танқидий-таҳлилий чиқишлар, асосли мулоҳазалар билдирилмоқда. Бироқ масъуллар жим. Сувдан рационал фойдаланишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни кўрмаяпмиз», — дейди раис.
«Дунёнинг кўплаб тараққий этган давлатларида ҳам уларда турмуш даражаси қанчалик юқори бўлмасин, сувни асраб-авайлашга ниҳоятда жиддий эътибор қаратилади, турли инновациялар жорий этилган. Бизда эса оддий кундалик рўзғор даражасидан тортиб, йирик давлат ташкилотларигача сувдан оқилона фойдаланиш маданияти ҳали тўлиқ шаклланмаган. Айниқса, катта шаҳарларимизда сувни исроф қилиш, тежамаслик ҳолатлари кўпроқ кўзга ташланади», — деди Танзила Нарбаева.
Сенат раиси бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида ишни энг қуйидан, яъни оилалар ва маҳаллалардан бошлаш зарурлигини таъкидлади. Бу борада мутасадди тузилмалар, фуқаролар йиғинлари масъуллари масъулиятни жиддий оширишлари, одамларга тушунтиришлари зарур.
Раис маҳаллий кенгашларга мунтазам равишда ўз ҳудудларида сувдан оқилона фойдаланиш масаласини масъуллардан сўраб туришларини таъкидлади.
«Сизларга топшириқ бўлиши керакмас, сизлар ўзингиз бизни қийнаётган қандай масалалар бор ҳаётда, шундан келиб чиқиб масалаларни ҳудуд даражасида ўрганиш ва чораларни кўришингиз сўралади сизлардан. Сизларга айтилса қиласизлар, бўлмаса йўқ. Кўпчилигингиз ўрганиб ҳам қолдингиз, фақат топшириқ бўлса қиласизлар, ундай бўлмайди. Маҳаллий кенгаш ўзини ўзи бошқарадиган, уларга топшириқ берилмайди, халқни қийнаётган масалаларда ижобий ёндашишингизни сўраб қоламиз», — деди Танзила Нарбаева.
Сенат раиси юқорида кўтарилган масалалар юзасидан 2−3 ойда комплекс чора талабларни ишлаб чиқишни маълум қилди. Бундан ташқари, Сув муаммолари институтини қайта тиклаш таклиф қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.