Президент ишдан олган Марғилон ҳокими ўз ёрдамчиси ва котибини рағбатлантириш бўйича фармойиш чиқарди

Президент ишдан олган Марғилон ҳокими ўз ёрдамчиси ва котибини рағбатлантириш бўйича фармойиш чиқарди

Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида 27 июль кунги йиғилишда Марғилон шаҳри ҳокими Адҳам Зиявитдиновни ишдан олганди. Аммо ҳоким 28 июлда ёрдамчиси ва котибни рағбатлантириш бўйича фармойиш чиқарди, ҳужжат кейинчалик яшириб қўйилди. Ҳокимлик фармойишни вилоят прокуратураси ўрганаётганини билдирди.

Фарғона вилоятида 27 июль куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган йиғилишда қатор ҳокимлар ва бошқарма бошлиқлари лавозимидан озод қилинганди. Жумладан, ҳудудида ишларни лозим даражада ташкил этмагани учун ишдан бўшатилганлар орасида Марғилон шаҳри ҳокими Адҳам Зиявитдинов ҳам бўлган.

Адҳам Тўхтасинович Зиявитдинов 1961 йилда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилган. 2020 йил 4 апрелда Марғилон шаҳрига ҳоким этиб тайинланган.

Аммо Зиявитдинов ишдан олингани айтилганидан бир кун ўтиб — 28 июль куни фармойиш чиқарган. Мазкур ҳужжат E-qaror.gov.uz порталига жойлаштирилган.

Унга кўра, шаҳар ҳокимининг ёрдамчиси Оятулло Махмудов ҳамда шаҳар ҳокимлиги котиби Гулҳаё Мақсудовага «ўзига топширилган вазифани виждонан бажаргани ва меҳнатда яхши кўрсаткичларга эришгани муносабати билан» 2-чорак даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисмидан ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида қўшимча ҳақ тўлаш белгиланган.

Президент ишдан олган Марғилон ҳокими ўз ёрдамчиси ва котибини рағбатлантириш бўйича фармойиш чиқарди
Фото: E-qaror.gov.uz

«Газета.uz»да реклама

Ҳоким ўз фармойишига Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 6−7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида кенгайтирилган тарзда ўтказилган 19-сонли мажлис баёнининг 18-банди ижросини таъминлашни асос қилиб олган.

Фармойиш яширилди


Материални тайёрлаш жараёнида Адҳам Зиявитдиновнинг порталга жойлаштирилган фармойиши ёпиб қўйилди.

Фармойиш ўрнида «Ушбу ҳужжат мазмунида шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли яширилган», деган ёзув пайдо бўлди.

Президент ишдан олган Марғилон ҳокими ўз ёрдамчиси ва котибини рағбатлантириш бўйича фармойиш чиқарди
Фото: E-qaror.gov.uz

«Газета.uz» Марғилон шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари билан ушбу масала юзасидан боғланди.

«28 [июль] куни кечки пайт [бўшаш бўйича] ариза ёзган. Ҳоким ўша куни ишдан расман кетмаган. 29 июль [шанба куни]да ишдан бўшатилган. Ҳозир бу фармойиш бўйича вилоят прокуратураси ўрганиш ишларини олиб бормоқда», — дея ҳолатга аниқлик киритди ҳокимлик масъули.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.