18 август куни Ўзбекистондан Украинага юборилган 10,5 тоннали гуманитар ёрдам қабул қилиб олинди. Бу ҳақда мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
«Бугун Украин-ўзбек дўстлиги халқаро жамияти раиси Любомир Башинский жамоат ташкилотлари вакиллари ва ўзбек ишбилармонлари томонидан йиғилган 10,5 тонна гуманитар юкни қабул қилди», — деб ёзди Украина дипломатик миссияси раҳбари.
Таъкидланишича, гуманитар ёрдам Львов вилоятининг Дрогобич тумани маъмурияти, ижтимоий сиёсат бўлими ва вилоят махсус тиббий буюмлар кенгашига топширилган.
Дорошенко, ўз навбатида, инсонпарварлик акцияси иштирокчиларига миннатдорлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинадан дам олиш ва реабилитация учун 45 нафар боладан иборат гуруҳ Ўзбекистонга етиб келганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.