Ўзбекистонда тарихда илк маротаба БМТ оиласига кирувчи ташкилотнинг бош ассамблеяси ўтказилади
Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) ассамблеяси 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов айни дамда Испаниянинг Мадрид шаҳрида ўтаётган UNWTOнинг 24 сессияси доирасидаги овоз бериш жараёни натижаларига кўра шу ҳақда маълум қилди.
“Шуниси диққатга сазоворки, тарихда биринчи марта БМТ таркибига кирувчи ташкилотнинг Бош ассамблеяси Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Буларнинг бари Президентимизнинг олиб бораётган сиёсатлари, туризм соҳасини ривожлантириш ҳамда бу орқали мамлакатимизнинг жаҳон саҳнидаги нуфузини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари натижасидир. Таъкидлаш лозимки, UNWTO 25-Бош ассамблеясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши бу ерга мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши ҳамда бу орқали маҳаллий аҳоли ва ҳунармандларнинг даромад кўришига олиб келади. Бундан ташқари, юқори даражадаги тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши жаҳон оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини тортиши шубҳасиз, бу эса охир-оқибат мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда юртимизга янада кўпроқ сайёҳларни жалб этиш йўлида хизмат қилади”, — деди Азиз Абдуҳакимов.
Мадрид шаҳрида ўтган тадбир доирасида 2023 йилда UNWTO Бош ассамблеясини ўтказиш учун Ўзбекистон ва Португалия даъвогарлик қилди. Тадбир якунига кўра, Ўзбекистон яққол устунлик билан аксарият овоз тўплаб, 2023 йилги Бош ассамблеяни қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказишга келишилди.
Бугун Самарқанднинг туристик салоҳиятини юксалтириш ҳамда уни дунё сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш борасида кўплаб ишлар олиб борилмоқда, бу ерда ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда янги замонавий аэропорт ҳамда туризм объектлари бунёд этилмоқда.
Мухбир — Малохат Артикова
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.