17 декабрь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Э.Турдимов жорий йил якунлари ва 2022 йил режалари юзасидан аҳолига мурожаат қилиши режалаштирилган.
Сессия олдидан республика ва маҳаллий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбир давомида унинг иштирокчилари “Ургут” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
“Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги ер майдони 1842 гектар бўлган ҳудудда 602,2 млн АҚШ доллари миқдоридаги 96 лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилгач, 8300 та янги иш ўринлари яратилади.
“Ургут” ЭИЗ 2017 йил 12 январда Президент фармонига асосиди ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда Ургут туманида учта, Самарқанд шаҳри, Нуробод тумани ва Сурхондарё вилоятининг Денов туманида биттадан зоналарда фаолият юргизмоқда.
Эркин иқтисодий зона директори ўринбосари Ғаффор Мадаровнинг таъкидлашича, жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига умумий қиймати 286,3 млн. доллар бўлган 60 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 4 700 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Биз Ғ.Мадаров ҳамроҳлигида бир қатор корхоналарда бўлиб, улар фаолияти билан яқиндан танишдик.
Бир йилда бир миллион погона метр мато ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг бир қисми Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Украинага экспорт қилинмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари Мерганча массивидаги яна бир корхона – “ELITE-ELEKTRO-GROUP” МЧЖда бўлиб, бу ерда олиб амалга оширилаётан ишлар билан танишдилар.
Кейинги манзил “Ургут 2” ЭИЗ ҳудудида жойлашган “Щёлково Агрохим-Ўзбекистон” Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси бўлди. Ишга тушиши билан корхонада ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва инновацион препаратлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Таъкидланишича, қиймати 10,6 млн долларни ташкил этадиган лойиҳани амалга ошириш ишлари 2018 йилнинг ноябрида бошланган бўлиб, корхонани 2022 йилнинг иккинчи чорагида ишга тушириш мўлжалланган.
Шуларни назарга олиб, А.Мирзаев “Щёлково Агрохим-Ўзбекистон” қўшма корхонаси маҳсулотлари Марказий Осиёда тенгсиз бўлишини ишонч билан уқтирди. Лойиҳага кўра, корхонада бир йилда 30 минг литр инсектицидлар, 30 минг литр фунгицидлар, 30 минг литр уруғ дизенфектантлари, 30 минг литр гербицидлар, 60 минг литр родентицидлар, 58 минг литр дефолтиантлар, 62 минг литр регуляторлар ишлаб чиқарилади.
Қўшма корхона жонкуярлари шу вақтдан бошлаб унинг маҳсулотларини амалда қўллаш бўйича керакли ишларни олиб боришмоқда. Масалан, ўтган йили улар Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ҳамда Самарқанд ветеринария медицинаси институти билан ҳамкорликда олимларнинг наноишланмаларини қишлоқ хўжалигига татбиқ этишга қаратилган семинар ўтказишган эди.
Шундан сўнг Нуробод туман Тепақул қишлоғида жойлашган “TESPACK INVESTMENT” МЧЖда бўлдик. Корхона 2020 йил август ойида фойдаланишга топширилган бўлиб, алюмин иситиш радиаторларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Биз танишган яна бир корхона Нуробод туманида жойлашган “MIRANKUL CONSTRUCTION MATERIALS LTD» МЧЖ бўлди. Бу ерда кабель йўлаклар, метал шпалерлар, вентиляцион тизимлар, электр шитлар ва кесишувчи стерженли конструкция тизимларини ишлаб чиқарилмоқда.
Шундай қилиб, биз “Ургут” ЭИЗдаги 5 та лойиҳа билан танишдик ва авваллари кимсазиз бўлган ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш корхоналари вужудга келаётганлигига гувоҳ бўлдик. Бу ўша ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартириб, одамларимиз ҳаёт тарзига, уларнинг яшаш шароитларига ижобий таъсир қилмоқда.
Агар 2022-2026 йлларга мўлжалланган ривожланиш дастури амалга оширилса, бу ўзгаришлар мисли кўрилмаган кўламга эга бўлади. Ушбу дастурга кўра, 2026 йилга келиб, лойиҳалар сони 410 тага, ишлаб чиқариш ҳажми 11 трлн сўмга, экспорт ҳажми 360 млн долларга, яратиладиган иш ўринлари 25 мингтага етиши режалаштирилган.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Муаллиф туширган суратлар
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.