Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини Самарқанд вилоятида давом эттирди.
Ишчи гуруҳига Президент маслаҳатчисининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси раҳбари У.Муҳаммадиев бошчилигида Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари ходимлари, вазирлик ва идоралар масъуллари жалб этилди.
Мурожаатларни ўрганиш борасида 21 та вазирлик ва идора вакиллари томонидан бир ҳафта давомида Самарқанд вилоятида 7 мингда зиёд масалалар қайта ўрганилиб, натижада, уларнинг 1,4 мингтаси ижобий ҳал этилди. Жумладан, тиббий ёрдам, ордер олиш, мактабгача ва мактаб таълими, суюлтирилган газ, электр таъминоти, қурилиш, коммунал ва бошқа қатор соҳалардаги мурожаатларга ечим топилди.
Мисол учун, мурожаатлар асосида Самарқанд вилояти жиноят ишлари бўйича судлар томонидан озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 21 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, 2 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 6 та жиноят иши бўйича 6 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 7 та фуқаролик иши тарафлар ярашганлиги муносабати билан иш юритишдан тугатилди.
Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, кичик бизнес субъектлари даъвогарлигида 10 та иш бўйича жами 949,2 млн сўм тадбиркорлик субъектлари фойдасига ундирилди.
Республика ишчи гуруҳи эътибори марказида бўлган яна бир муҳим йўналишлардан бири маҳаллаларда “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар бўлди.
Самарқанд вилоятида 2024 йил 1-чорак давомида “Обод хонадон-обод кўча-обод маҳалла” мезонлари асосида қурилиш таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб бориладиган 4 та, жумладан, Каттақўрғон туманидаги “Мелихўжа”, Иштихон туманидаги “Қиёт”, Пастдарғом туманидаги “Гўзалкент” ҳамда Тойлоқ туманидаги “Тепа қишлоқ” маҳаллалари танлаб олинган.
Дастур доирасида аҳолини узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 1,5 минг тоннага яқин қўшимча суюлтирилган газ етказилди, 17 км электр тармоғи тортилди ҳамда 623 та темир-бетон устунлар ўрнатилди, 15 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди, 54 км ички йўллар шағаллаштирилди, 7 км ичимлик суви тармоғи тортилди, 8 та ичимлик суви насослари янгисига алмаштирилди, 2 та сув минораси таъмирланди, тизимдаги носозликлар бартараф этилди. Коммунал, қурилиш соҳасида жами 31 та кўп қаватли уйларда ва 2 та иссиқлик қозонхоналарида таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маҳаллалар аҳолиси учун тиббий кўриклар ташкил этилди. Натижада, 337 нафар беморларга амбулатор шароитда даволанишга тавсия берилди, 103 нафар беморларга туман, шаҳар ва вилоят муассасаларида даволаниш ва текширувлар учун йўлланма берилди.
Бандлик масаласида 1 минг 300 нафар фуқарога амалий ёрдам берилди. 661 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 202 нафари жамоат ишларига жалб этилди, 366 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитишга жалб этилди. Тижорат банклари томонидан 35 нафар фуқароларига 334 млн сўм миқдорида кредитлар ажратилиши таъминланди.
Маҳаллалар ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик суҳбатлар ва чора-тадбирлар натижасида 85 та оилалар яраштирилди.
Ишлар давом этмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.