Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат бўйича расмий изоҳ берди.
Маълум қилинишича, мазкур хабар ҳақиқатга тўғри келмайди.
2013 йил 10 апрелдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ЎРҚ 348-сон қонунининг 7-моддасига кўра, Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатларига шаҳарлардаги, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги кўчаларнинг, йўлкаларнинг ҳамда йўл ҳаракатини тартибга солиш воситаларининг, шунингдек шаҳар электр транспорти йўлларининг жиҳозланиши ва соз ҳолатда сақланишини таъминлаш ваколати кириши кўрсатилган.
Шунингдек, ушбу қонуннинг 9-моддасига кўра, Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш ташкилотининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатларига автомобиль йўлларида йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари, тезкор алоқа тизими қурилишини ва мазкур йўлларнинг ушбу воситалар ва тизим билан жиҳозланишини амалга ошириш ҳамда уларнинг сақланишини таъминлаш ваколати кириши кўрсатилган.
Мазкур қонуннинг 10-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатларига йўлларнинг ва темир йўлларни кесиб ўтиш жойларининг сақланиши, уларнинг йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари билан жиҳозланиши устидан назоратни амалга ошириш ваколати кириши кўрсатилган.
Амалдаги Йўл ҳаракати қоидалари 4-бандининг иккинчи хатбошисида «Тегишли ваколатга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга йўл қопламасини бузиш, ўзгартириш ёки зарар етказиш, ифлослантириш, йўл белгиларини, светофорларни ва ҳаракатланишни ташкил этишнинг бошқа техник воситаларини ўзбошимчалик билан олиб ташлаш, ўрнатиш, тўсиб қўйиш, шикастлантириш, йўлларда ҳаракатланишга тўсқинлик қилувчи нарсаларни қолдириш, «сунъий нотекислик» қурилмаларини ўрнатиш тақиқланади» дея белгиланган.
Йўл ҳаракатини тартибга солиш воситаларини ўрнатиш вазифаси масъул идора ва ташкилотлар зиммасига аниқ юклатилган бўлиб, исталган жисмоний ёки юридик шахслар бундай воситаларни ўзбошимчалик билан ёки қандайдир рухсат асосида ўрнатиш ваколатига эга эмаслиги маълум қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.