Барчамиз яхши биламизки, ҳамма соҳаларда бўлгани каби ички ишлар тизимида ҳам юксак малакали, замонавий фикрлайдиган, ўз касбига, Ватанимиз ва халқимизга содиқ кадрлар ислоҳотлар тақдирини белгилаб беради. Шу маънода, мамлакатимиз ўз тараққиётининг ҳал қилувчи босқичига кўтарилаётган бугунги шароитда ҳар бир ходимдан етарли билимга эга бўлиш, мулоқот ва муомала маданиятини ошириш, ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам тўғри қарор қабул қилиб, зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариш учун ўз устида тинимсиз ишлаш талаб этилади. Барчамиз учун халқимиз ҳаёти энг катта мактаб эканини ҳеч қачон унутмайлик. Шу мактабда билим олиб, тобланиб, эл-юрт манфаатлари учун курашиб яшаш – бу энг олий саодатдир.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Дарвоҳе, яқинда, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси генерал-полковник Зокиржон Алматовнинг хотиралар китоби чоп этилди (Зокиржон Алматов. Унутилмас хотираларим. ( Тарихий очерклар ва воқеалар тафсилоти) Тошкент. «NISO POLIGRAF» 2023. Нашр учун масъул: А.Сатторов – юридик фанлари доктори. Турон фанлар академиясининг академиги).
Буюк адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Мозийга қараб иш кўрмоқ хайрлидир” ҳикматли сўзларига амал қилган ҳолда, муаллиф ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи, ота-боболари тарихига назар ташлайди. Шундан бизга маълум бўлишича Зокиржон Алматовнинг бир бобоси боғбон бўлса, бошқа бобоси Қўқон хонлиги лашкарбошиси бўлиб, “Ўтган кунлар” романининг қаҳрамони Отабек каби, Ватан мустақиллиги йўлида жанг қилиб, шаҳид бўлади.
Муаллиф, болалигида ўтиб кетган, жамоа хўжалигига раис бўлган падари бузруквори Алмат ота (Аллоҳ раҳмат қилсин), болаларини отасиз, қийинчилик билан катта қилган онаси Мастурахон аяни (Аллоҳ раҳмат қилсин) эҳтиром билан эслайди… Ўз вақтида Қибрай тумани раҳбарларидан бири бўлган, ажойиб инсон Ҳаёт Ўктамов билан бирга Мастурахон ая билан суҳбатлашганимиз, бизни дуо қилганлари ҳали-ҳали эсимда туради…
Китобда, Зокир Алматов ўзи туғилиб ўсган Қибрай тумани, «Қизил Ўзбекистон» жамоа хўжалиги раиси, Меҳнат қаҳрамони Абдужамил Матқобулов, ўзи таҳсил олган мактаб-интернат, етуклик аттестати олган, машҳур педагог Константин Ушинский номидаги 5-мактаб ўқитувчилари ҳақида меҳр билан ҳикоя қилади.
Мен ўз вақтида «Народное слово» газетасига «Келажакка йўл донолик ва олижаноблик билан қурилади» номли мақола ёзган эдим. Шу мақола ёзилиши жараёнида атоқли давлат ва жамоат арбоби, академик Оқил Умурзоқович Салимов билан суҳбатлашар эканман, «Қизил Ўзбекистон» жамоа хўжалиги ҳақида гап кетганда, у киши Зокиржон Алматовни эслаб, у кишининг қонун устуворлиги учун, жамиятда ҳали мавжуд бўлган иллатларга қарши кураш, қонунларга итоаткор фуқароларни тарбиялаш бўйича фаол иш олиб бораётганлигини таъкидлаб, номи катта ҳарфлар билан ёзиладиган яхши инсон деб айтган эдилар…
Меҳнат фаолиятим жараёнида мен турли йиллар ва турли масалалар бўйича ички ишлар идоралари ходимлари, генераллар М.Шералиев, Б.Сирожиддинов, К.Ғафуров, Ғ.Раҳимов, Н.Иброҳимов, полковниклар И.Фозилхонов, Қ.Тошмуҳамедов, С.Темиров, Б.Ҳакимов, Т.Маҳкамов, В.Пустовалов ва бошқалар билан мулоқотда бўлганман…
Ушбу китоб муаллифи Зокиржон Алматовни, мен 1974 йилдан эътиборан, яъни 50 йилдан буён, Зангиота (собиқ Калинин тумани) туман партия қўмитасида ишлаган пайтимдан биламан.У пайтда ёшгина лейтенант йигит бўлган З.Алматов, туман ички ишлар бўлимида хизмат қилар эди. У киши билан ўша пайтда бўлимда бирга ишлаган, кейинчалик партия, касаба уюшмалари етакчиси бўлган Малика Каримовна Жалилова ҳикоя қилишича, ўшандаёқ З.Алматов бошқа ходимлардан қатъийлиги, тиришқоқлиги, ташкилотчилик қобилиятлари билан ажралиб турар эди…
Ўтган йиллар давомида З.Алматов оддий ходимликдан мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Ички ишлар вазиригача, лейтенантликдан генерал-полковник унвонигача бўлган йўлни босиб ўтди. Яъни, унинг ички ишлар идораларидаги фаолиятининг 30 йили XX асрга тўғри келади ва XXI асрда давом этмоқда. Бу мураккаб йиллар эди. Эслайман деса, гап кўп. Шунинг учун З.Алматов хотиралар китобини чоп этишга киришгани бежиз эмас.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов китобга ёзган кириш сўзида шундай деб таъкидлайди:
“Президентимиз Ш.М.Мирзиёев: “Барчамиз учун халқимиз ҳаёти энг катта мактаб эканини ҳеч қачон унутмайлик.
Шу мактабда билим олиб, тобланиб, эл-юрт манфаатлари учун курашиб яшаш – бу энг олий саодатдир”, дея таъкидладилар.
Шу маънода, Зокиржон Алматов ҳам бир умр халқ манфаатлари йўлида ҳалол хизмат қилган, ҳаёт мактабида тобланиб, элда обрў-эътибор қозонган ва бугун меҳнати ортидан саодат топган инсонлардан, деб айтсак бўлади…
Бу инсоннинг ички ишлар идораларидаги машаққатли хизмат фаолияти келгусида яна кўплаб китоблар ва илмий рисолалар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Зеро, бой ҳаётий тажрибаси, чуқур билим ва улкан салоҳияти билан ёшларга бугунги кунда ҳам ўрнак бўлиб келаётган, эл ардоғидаги инсон генерал-полковник Зокиржон Алматовнинг умр йўли чин маънодаги матонат мактабидир”.
Китобда Бўка, Паркент туманларидаги, Наманган, Андижондаги воқеалар, талабалар шаҳарчасидаги воқеалар, 1999 йил 16 февраль воқеалари холис ва очиқ баён этилган.
Давлат ва жамоат арбоблари бўлган Исмоил Ҳакимович Жўрабеков, Георгий Алексеевич Крайнов, Убайдулла Қурбонович Мингбоев, Ғафур Рахимов, Бўритош Мустафоев ва бошқалар ҳақида ёзилган хотиралар ўқувчида катта қизиқиш уйғотади.
З.Алматов катта миннатдорлик ва мамнунлик билан Шавкат Миромонович Мирзиёев қўлидан «Буюк хизматлари учун» ордени олганлигини эслайди…
Китобдаги Маккага қилинган зиёрат ҳақидаги лавҳа, ўйлаймизки, ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Унда муаллиф шундай ҳикоя қилади:
«Астойидил эътиқод қилган, нияти холис бўлган кишиларнинг ишини Яратганнинг ўзи ўнгидан келтириб қўяди, дейишгани нақадар тўғри эканлигига ўшанда яна бир бор амин бўлгандим. Икки дўст ўша куниёқ умра амалларини бажаришга киришдик. Муқаддас Каъба атрофида айланиш ва уни тавоб қилиш чоғида минглаб одамлар орасида бизга ҳам осонгина Ҳажарул-асвад тошига пешонамизни текказиш насиб этди.
Ибодатларимиз чоғида Аллоҳдан биринчи галда юртимизда тинчлик, осойишталикнинг бардавом бўлишини, давлатимиз равнақ топиб, халқимиз фаровон яшашини, ундан кейин эса оила аъзоларимиз соғ-саломат бўлиб юришларини сўрадик».
2018 йилда генерал-полковник Зокиржон Алматов Президент Ш.М. Мирзиёев тавсияси билан Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланди.
2023 йил июнь ойида Ички ишлар вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгаши тузилиб, унга Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев сайланади. Айни пайтда З.Алматов ушбу кенгаш аъзолари билан ҳамкорликда фаол иш олиб бормоқда.
Ўтган йилларни хотирлар экан, Зокиржон Алматов бўлиб ўтган воқеаларга бугунги кун, жамият, халқимиз манфаатлари нуқтаи назаридан туриб баҳо беради. Бу ўз навбатида хотираларнинг ижтимоий аҳамиятини янада кўтаради.
Китобни ўқир эканмиз, биз муаллиф тафаккур қилиши, хулосалари, ўй-хаёллари билан танишамиз. Китоб ҳаққонийлик, очиқлик, шу билан бирга жанговорлик, холислиги билан аҳамиятлидир.
Китоб муаллифнинг юксак маданият, кучли маънавият эгаси эканлигини ёрқин кўрсатади. Уни доим ижодкорлар, адабиёт ва санъат намоёндалари бўлган Шарифа Салимова, Ёдгор Саъдиев, Якуб Ахмедов, Тохир Малик, бошқа ижодкорлар қуршаб келган ва ҳозир ҳам шундай.
Китоб сўнгида муаллиф, хотираларни ўқигувчиларга мурожаат қилиб, шундай деб ёзади:
“Ҳаётим бир текисда ўтмади. Қанча қийинчиликларни бошдан ўтказдим. Гоҳида хатоларга ҳам йўл қўйдим. Ахир, ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз… Халқимиз “Хато қилмоқ бордир, тузатмаслик ордир” деб жуда тўғри айтган. Хуллас, хато қилган пайтим ҳам бўлди. Аммо буни ўз вақтида англаб етдим, бошқа такрорламадим.
Энг муҳими, виждонимга, бурчимга, халқимга, Ватанимга ҳеч қачон хиёнат қилмадим. Халқ ишини ҳақ иш деб ҳисобладим. Ҳалолликни, фидойиликни ҳамиша шиорим деб билдим. Балки, ҳаётда йиллар,замонлар ўтиб, кўп қадриятлар ўз қадрини йўқотар. Лекин ҳалоллик, адолатпарварлик, жасорат, қаҳрамонлик, фидойилик, садоқат каби қадриятлар ҳеч қачон ўз қадрини йўқотмайди. Умрим китобини варақлаб, ўзим кўрган, бошимдан ўтказган турфа воқеаларни таҳлил қилиб, ана шундай хулосага келдим. Сиз ҳам шу хулосамга қўшилишингизни жуда-жуда истардим, азиз китобхонлар”
Китобнинг бобларидан бири «Янги Ўзбекистоннинг Янги Уйғониш даври» деб аталган…
Шубҳасиз, ушбу китоб ички ишлар идоралари ёш ходимлари учун дастурил амал бўлиб, ёш авлодни ватанпарварлик, кучли маънавият руҳида тарбиялашга хизмат қилиб, уларнинг Янги Ўзбекистонни қуриш ва III Ренессанс асосларини яратиш ишларидаги иштирокларини янада фаоллашувига хизмат қилади.
Носир Таиров,
Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.