Энергетика вазирлиги маълум қилишича, станциянинг 2-сон газ турбинасида роторда техник носозлик аниқланган. Инвестор ва ишлаб чиқарувчи компаниянинг кафолат мажбуриятларига мувофиқ, япониялик «Mitsubishi» компанияси қисқа вақт ичида янги роторни тайёрлаб, 8-декабр куни махсус авиарейс орқали Тошкент халқаро аэропортига етказиб берди.
114 тонна вазнга эга ускуна аэропортдан тўғридан-тўғри электр станцияси ҳудудига етказилди. Барча жараёнлар тегишли вазирлик ва идоралар, инвесторлар, пудратчилар ҳамда технологик ҳамкорлар билан ҳамкорликда амалга оширилган.
Янги роторни ўрнатиш ва синов-наладка ишлари тахминан бир ой давом этади. Шу вақт мобайнида истеъмолчиларни қувват билан таъминлаш учун захира манбалари ва янги қувват блоклари ишга солинган.
Айни пайтда абрли об-ҳаво, қуёш нури камлиги ва қисқа ёруғлик кунлари сабабли, қуёш фотоэлектр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми камаюда. Шунингдек, электр ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги мувозанатни сақлаш мақсадида айрим ҳудудларда, асосан 17:00 дан 21:00 гача бўлган юқори истеъмол даврларида, қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин. Зарурият туғилганда истеъмолчилар олдиндан хабардор қилинади. Бу чоралар энерготаъминотнинг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Янги ротор тўлиқ ўрнатилгандан кейин станциянинг лойиҳавий ишлаб чиқариш қуввати қайта тикланади ва вақтинчалик чекловлар бекор қилинади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.