Жорий йилги Жаҳон шахмат тожи учун амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши баҳсга ҳозирлик кўраётган Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров дастлаб швейцарча тизимда ўтказилган блиц баҳсларда 11 та турдан кейин 7,5 очко тўплаб, 9-ўринни эгаллаган ҳолда финал босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Муҳиддин Мадаминов эса 8 очко билан 2-ўринни банд этган ҳолда финал босқичига чиқди.
Финал босқичида эса жами 10 нафар шахматчи иштирок этди. Синдаров 9 имкониятдан 7,5 очко жамғариб, чемпионликни қўлга киритди. Сўнгги турда рейтингда ўзидан юқорида турган америкалик Ҳикару Накамура билан дурангга имзо чекди.
Америкалик Уэсли Со 7 очко билан иккинчи ўринни банд этган бўлса, 6 очкога эга яна бир мезбон шахматчи Этан Шихан 3-ўрин соҳиби бўлди.
Блиц баҳсларидаги чемпионлик эвазига Синдаров 6 000 АҚШ доллари миқдоридаги бош мукофотга эга чиқди. Ушбу мусобақада қатнашган яна бир ўзбекистонлик шахматчи Муҳиддин Мадаминов 4,5 очко билан 6-ўринни эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, Америкалик гроссмейстер, шарҳловчи ва стример Даниэль Народицки хотирасига бағишланган мусобақанинг рапид йўналишида Жавоҳир Синдаров етти тур якунига кўра 6 очко жамғариб, ҳиндистонлик гроссмейстер Аравинд Читамбарам билан биринчи ўринни бўлишди. Ғолиб номи блиц тай-брейк орқали аниқланди ва унда ўзбекистонлик шахматчи рақибини ҳар икки партияда ҳам мағлуб этиб, 2:0 ҳисобида зафар қучган эди.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.