WBA рейтинги: Ўзбекистонлик икки боксчи ўз вазнида биринчи ўринда
Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) июнь ойи якунлари бўйича профессионал боксчиларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Унда муваффақиятли одимлаётган ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталарининг ўрни янада мустаҳкамланганини кўриш мумкин.
Жорий рейтингга кўра, Ўзбекистоннинг саккиз нафар вакили топ-рўйхатлардан жой олди. Улар орасида Бектемир Мелиқўзиев ва Муҳаммад Шехов ўз вазн тоифаларида пешқадамликни қўлга киритган.
Кимлар рейтингда энг юқори поғонада?
-
Муҳаммад Шехов: Биринчи ярим енгил вазн ( 55,2 кг) тоифасида етакчиликни сақлаб қолди. Таъкидлаш жоизки, мазкур вазндаги мутлақ чемпионлик камари япониялик Наоя Иноуэга тегишли.
-
Бектемир Мелиқўзиев: Супер ўрта вазн ( 76,2 кг) тоифасида рейтингда биринчи ўринга кўтарилди. Ганалик Сена Агбеко устидан қозонилган ғалабадан сўнг, Мелиқўзиев ўз мавқеини янада яхшилаб олди. Ҳозирда ушбу вазн тоифасида мексикалик Хайме Мунгуя чемпион ҳисобланади.
Рейтингдан жой олган бошқа боксчиларимиз: -
Муроджон Аҳмадалиев ( 55,2 кг) – 3-ўрин. Май ойида Тошкентда венесуэлалик Ҳегли Москедани муддатидан аввал мағлуб этган боксчимиз ўз мавқеини сақлаб қолди.
-
Ҳасанбой Дўсматов ( 49 кг) – 6-ўрин. Олимпия ўйинлари чемпиони профессионал рингдаги мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда.
-
Исроил Мадримов ( 69,9 кг) – 7-ўрин. Қийинчиликлардан сўнг Луис Давид Салазарни мағлуб этиб, рейтингдаги ўрнини тиклаб олди.
-
Отабек Холматов ( 57 кг) ва Шаҳрам Ғиёсов ( 77 кг) – ҳар иккиси ўз вазнларида 8-поғонани банд этишган.
-
Сирожбек Исмоилов (61,2 кг) – 13-ўрин. Мағлубиятсиз одимлаётган боксчимиз илк бор рейтингнинг ушбу поғонасидан жой олди.