Самарқанд кулолчилиги мактабининг кейинги йиллардаги йирик вакили, моҳир ҳунарманд, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзоси Шариф Азимовнинг 70 йиллиги ва ярим асрлик ижодий фаолиятига бағишланган «Афросиёб садоси» номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Самарқанд вилояти ҳокимлиги, «Ҳунарманд» уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими томонидан ташкил этилди.
Кўргазманинг очилиши юбилей тантаналари билан қўшилиб кетганлиги сабабли тадбирда кўплаб меҳмонлар, устанинг касбдошу сафдошлари, шогирдлари иштирок этди. Даврага раислик қилган таниқли ва истеъдодли рассом, шоир Аҳмад Умаров Ш.Азимов босиб ўтган йўл, ижодининг асосий босқичлари ҳамда истеъдодининг ўзига хос томонлари ҳақида сўзлаб берди. “Шариф ака ўз ижодини пиёла, коса, шоҳкоса, лаган ясашдан бошлаб, кейинчалик кўза ясаш сирларини ўрганиб, кулолчиликда кўзагар мақомига эришди”, – дейди А.Умаров.
Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раисининг маслаҳатчиси Акобир Ҳакимовнинг уқтиришича, Ш.Азимов амалга ошираётган ишларни айнан унга ўхшатиб такрорлашга ҳеч ким қодир эмас. “Ҳунарманд бўлиб етишиши учун Шариф ака жуда кўп изланган. Кулолчилик тарихини ўрганган, музейларда сақланаётган минг йиллик экспонатларни таҳлил қилган. Бундайларга нисбатан ҳунарманд бўлиб туғилган дейилса, тўғри бўлади. Шариф ака мамлакат фахри саналади”, – дейди А.Ҳакимов.
Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзоси, машҳур рассом, СамДУ профессори Нуриддин Калонов эса қуйидагиларни таъкидлади: “Ҳар бир ижодкорнинг шахсий кўргазмаси катта воқелик саналади. Шариф аканинг ижоди барчани ҳар доим шод этиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Шогирдларга эътибори катта. Ўзбекистон бадиий академияси ташкил этилганидан бошлаб унинг ҳақиқий аъзоси ҳисобланади. Ана шундай камтарин дўстим борлигидан фахрланаман. Самарқанд кулолчилик мактаби йўқолиб кетмаганлигида Шариф ҳожининг катта хизматлари бор”.
Тадбирга махсус келиб, юбилярни табриклаган риштонлик, хоразмлик, тошкентлик, ургутлик касбдошлари Ш.Азимовнинг истеъдоди ва ижодининг ўзига хос томонлари ҳақида тўлқинланиб гапириш билан бир қаторда, унинг одамийлик хислатлари хусусида ҳам илиқ сўзлар айтдилар.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.