Самарқанд вилоят судида икки қисмдан иборат матбуот анжумани бўлиб ўтди. Дастлаб жорий йилнинг биринчи ярмида суд ишларини амалга ошириш борасидаги вилоят судлари фаолияти бўйича ҳисобот берилди, сўнгра судья ва суд ходимлари иштирогида ўтган “Китоб – маънавият кўзгуси” танлови ғолибларининг тақдирлаш маросими ўтказилди.
Матбуот анжуманида вилоят суди раиси Олим Ҳайитов, маъмурий ишлар бўйича вилоят суди раиси Тоҳир Файзиев, судлов ҳайъатлари раислари мавзу юзасидан маълумот берди. Улар ўз ҳисоботларида келтирган жуда кўп рақамларни бу ерда қалаштиришдан бир маъно чиқмаслигини англаган ҳолда, муҳим фактларга эътибор қаратишни лозим топдим.
Судланганларни ёши ва жинси бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, қуйидаги ҳолат юзага келади: улардан 316 нафарини аёллар, 935 нафарини ёшлар ташкил этади. Афсуски, судланганларнинг 73 нафари вояга етмаганлар ва 142 нафари 60 ёшдан ўтганлардир. Олдин судланиб, бундан хулоса чиқармасдан яна жиноятга қўл урганлар мавжудлиги янада ачинарли. Бундайлар эркаклар орасида 174 нафарни, аёллар орасида 21 нафарни ташкил этади.
Судланганларга нисбатан қандай жазо чоралар кўрилган? 2024 йилнинг 1-чораги давомида судланганларнинг 749 нафарига ёки 29,9 фоизига озодликдан маҳрум қилиш, 660 нафарига ёки 26,3 фоизига озодликни чеклаш, 773 нафарига ёки 30,8 фоизига ахлоқ тузатиш ишлари, 265 нафар шахсга ёки жами судланганларнинг 10,6 фоизига жарима, бир нафарига мажбурий жамоат ишлари ҳамда 61 нафар шахсга нисбатан шартли ҳукм тайинланган.
Шуниси эътиборга лойиқки, судларимиз яқин ўтмишимизда деярли барча ҳолатларда суд йиғилишларини жазо қўллаш билан якунларди. Эндиликда одил судловни амалга оширишда дадил қадамлар қўйилмоқда. Бу ҳақда сўз юритар экан, О.Ҳайитов судлар фаолиятининг асосий мезони одил судловни таъминлашдан иборат эканлигини уқтирди. Чунки одиллик таъминланса, халқнинг ҳукуматга, эртанги кунига бўлган ишончи ортади, қонунларни ҳурмат қилиш ва уларга амал қилиш даражаси юксалади.
Мисолларга қарайдиган бўлсак, 2024 йилнинг 1-чораги давомида судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 343 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинди. Шу даврда вилоят судларининг барча инстанцияларида 5 та жиноят иши бўйича 6 нафар шахслар оқланди. 526 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан ЖКнинг 661-моддасига асосан тугатилиб, 558 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди.
Жиноят ишларини судда кўришда кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар билан ишловчи тузилмалар вакилларининг жамоат ҳимоячиси сифатида иштироки таъминланиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида 28 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Матбуот анжуманида, шунингдек, вилоят суди раиси ўринбосарлари – жиноят судлов ҳайъати раиси Толиб Бойзоқов, фуқаролик судлов ҳайъати раиси Зафар Аллабаев, иқтисодий судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Мамадияровлар ўз йўналишлари бўйича амалга оиширилган ишлар ҳақида ҳисобот беришди.
Танловда Паст Дарғом туманлараро иқтисодий суди раиси Луқмон Асатов биринчи ўринни, Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси Навбаҳор Турсунова иккинчи ўринни ва вилоят маъмурий суди судьяси Умиджон Муҳаммадиев учинчи ўринни эгаллади. Ғолибларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди, Иштихон туманлараро иқтисодий суди ва вилоят маъмурий суди жамоалари танловда юқори тайёргарлик билан ва юксак савияда қатнашганлиги сабабли “Энг китобхон жамоа” деб эътироф этилди.
Китобхонлик танлови мунтазам ўтказиб боришга келишилди. Кейинги босқич сентябрь ойида бошланиб, жаҳон адабиёти ва ўзбек адабиётининг олтин фондидан жой олган асарлар асосида ўтказилади.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Вилоят суди матбуот хизмати туширган суратлар
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.