Президент Халқ қабулхоналари томонидан ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад манбайини шакллантириш ва шу асосда турмуш фаровонлигини таъминлашга қаратилган “Мурожаатдан — даромадга” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президент маслаҳатчиси ўринбосари — Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигида Халқ қабулхоналарига моддий ёрдам масаласида мурожаат қилган эҳтиёжманд, ишсиз аёлларга Президент совғалари – тикув машиналари тантанали равишда топширилди.
Хусусан, Денов туманида 100 та, Олтинсой туманида 100 та, Сариосиё туманида 100 та, Узун туманида 100 та ҳамда Шўрчи туманида 105 та, жами 505 та аёлларга тикув машиналари берилди.
Шу тариқа юзлаб оилаларнинг даромади шаклланди, рўзғорига файз-барака кирди.
Ташкил этилган мазкур тадбир катта фестивалга айланиб кетди, десак, муболаға бўлмайди. Тадбир доирасида турли кўргазмалар, ярмаркалар ҳамда спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди.
Жумладан, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб этиш мақсадида Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигида “Истиқбол” маҳалласида “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” юриш марафони бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Армиям – фахрим” шиори остида ҳарбийларнинг чиқишлари, кўргазмалари ҳамда турли спорт йўналишлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Эришаётган юқори натижалари, ташаббускорлиги ва фидойилиги учун бир гуруҳ ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.