БМТ Тараққиёт Дастури ва ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари доирасида 2024-йил 30-сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти негизида ташкил этилган Рақамли Ресурс Марказига янги замонавий ускуналар топширилди. Рақамли ресурс маркази энергия сарфини самарали кузатиб бориш ва энергияни тежаш йўлларини ишлаб чиқиш учун замонавий технологиялар ва илғор тажрибаларни бирлаштирган, ҳам бюджетга, ҳам атроф-муҳитга фойда келтирадиган асосий муассаса ҳисобланади.
Қайд этилишича, янги жиҳозлар Марказ жамоасига энергия сарфи ҳақидаги маълумотларни қабул қилиш ва қайта ишлашни автоматлаштириш, тезкор мониторинг ўтказиш ва биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш имконини беради. Шунингдек, янги ресурслар Марказга энергия тежамкор ва кам углеродли уй-жойларни лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича муҳим тренинглар ўтказиш, Ўзбекистоннинг энергия самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, Глобал Экологик Жамғармаси (GEF) томонидан молиялаштириладиган ушбу ёрдам БМТ Тараққиёт Дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уйлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида кўрсатилмоқда. Лойиҳадан кўзланган мақсад Ўзбекистон қишлоқ аҳолисини атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда янада қулай ва арзон турмуш шароитлари билан таъминлашдан иборат.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.