Маълумки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва ерни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури» (FOLUR) лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа Глобал экологик жамғорма (GEF) томонидан молиялаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.
Бугун ҳам ФАОтомонидан Қорақалпоғистоннинг Қораўзак ва Беруний туманларида туман ҳокимлиги ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда томорқа хўжаликлари эгалари учун кичик иссиқхоналарда гул ва сабзавот экинларини етиштириш бўйича ўқув семинари ташкил этилди. Ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда деҳқончиликда замонавий усуллардан фойдаланишга бағишланган семинар-тренинг давомида туманнинг турли ҳудудлари аҳоли томорқа ер майдонларига иссиқхона ташкил этиш ва етиштирган экиндан юқори ҳосил олиб, қўшимча даромад олиш сирлари тўғрисида ФАО мутахассислари илмий тушунчалар бериб ўтишди. Шунингдек, мутахассислар томорқалардан самарали фойдаланишда экинлар хилма-хиллигини жорий этишнинг аҳамияти, гулчилик учун иссиқхоналарни тайёрлаш ва асосий турдаги гул кўчатларини етиштириш усуллари ҳақида батафсил маълумот бердилар. Алоҳида эътибор гул кўчатларини зараркунанда ва касалликларига қарши курашда кимёвий, биологик ва табиий усуллардан фойдаланиш масалаларига қаратилди.
Шу билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак ва Беруний туманларида гулчилик билан шуғулланувчи хотин-қизларга тадбир давомида «Аёлларнинг иқтисодий имкониятлари ва тадбиркорликдаги ўрни: Гендер тенглиги ва барқарор ривожланиш» мавзусида ҳам тренинг ўтказилди. Тренингнинг асосий мақсади хотин-қизларнинг гендер масалалари бўйича хабардорлигини ошириш, ўз ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилувчи қонунлар ҳақида ҳабардорликни оширишдан иборат. Тадбир давомида аёлларнинг ҳуқуқлари, уларни ҳимоя қилувчи қонунлар ва мавжуд имкониятлар, гендер зўравонлик турлари ва унинг олдини олиш усуллари, гендер стереотиплар ва гендер тенглиги тушунчаси ҳамда унинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.