Қайд этиш керакки, бугунги кунда дунё бўйлаб 50 миллиондан ортиқ киши эпилепсия касаллигидан азият чекади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, уларнинг сони ҳар йили 5 миллион нафарга кўпайиб бормоқда.
Эпилепсия – бу миядаги электр сигналларининг кескин ва тартибсиз фаоллашуви натижасида содир бўладиган сурункали касаллик бўлиб, у тутқаноқ билан намоён бўлади. Ушбу касаллик турли сабаблар туфайли ривожланиши мумкин ва одатда тиббий даволаш ёки бошқа терапия усуллари орқали назорат қилинади.
Манбага кўра, Россиянинг Болтиқ федерал университети ҳамда Н.И. Пирогов номидаги миллий тиббий жарроҳлик маркази олимлари электроэнцефалография таҳлили ўтказишда сунъий интеллектдан фойдаланиш технологиясини ишлаб чиқишган.
Олимларнинг таъкидлашича, эпилепсия ҳар доим ҳам яққол аломатлар билан намоён бўлмайди. Бу эса хасталикни эрта босқичда аниқлаш имконини пасайтириб, оқибатда турли асоратлар келиб чиқиши ҳолатларини орттиради.
Масалан, фотостимуляция — касалликка ташхис қўйишнинг асосий усулларидан бири ҳисобланиб, бу жараёнда тиббий технология ёрдамида бемор кўзига ёрқин нур чақнашлари йўналтирилади. Аммо мазкур усул фақат фотосенситив эпилепсияни аниқлашда қўл келади. Хасталикнинг ёруғликка сезувчанлиги бўлмаган турига ташхис қўйишда эса янги диагностика усулларига эҳтиёж юқори.
Тадқиқотчилар янги турдаги сунъий интеллект технологиясини 108 нафар кишида синовдан ўтказди. Уларнинг ярми фотосенситив бўлмаган эпилепсия билан оғриган беморлар ҳамда қолган қисми соғлом инсонлар бўлган.
Маълум бўлишича, янги таҳлил усули эпилепсиянинг фотосенситив бўлмаган турига 71 фоиз аниқликда ташхис қўйиш имконини бериши аниқланган.
«Келгусида мазкур сунъий интеллект ёрдамида эпилепсия касаллигини аниқлаш жараёнлари кенг қамровда синовдан ўтказилиши кутилмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.