Ўзбекистон Миллий кутубхонасига Озарбайжонга оид кўплаб китоблар совға қилинди
Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Маданият Маркази ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур кутубхона директори Умида Тешабоева Ўзбекистонда 12 минг кутубхона мавжуд бўлиб, улардан 200 таси оммавий кутубхоналар эканлигини маълум қилди. Миллий кутубхона марказлашган вилоят кутубхоналари билан яқин ҳамкорлик қилади ва уларнинг сони 14 тани ташкил этади. Директор Миллий кутубхонанинг Озарбайжон Маданият Маркази билан яқин ҳамкорлигини, икки давлат халқлари ўртасидаги ўзаро келишувни чуқурлаштиришга муҳим ҳисса қўшаётганини қайд этиб, Маданият маркази лойиҳаси билан Миллий кутубхонада фаолият кўрсатаётган Озарбайжон бурчаги қардош мамлакат, унинг маданияти, сан’ати, тарихи ва бошқалар билан ўзбек китобхонлари яқиндан танишиши учун имконият эканини эътироф этди.

Озарбайжон Маданият Маркази директори Акиф Марифли Озарбайжон халқида қадимдан кутубхона иши, китоб мутолааси юксак маданиятга эга эканини, Озарбайжон халқи қаламга алоҳида ҳурмат билан қарашини, уни бебаҳо бойлик сифатида асрашини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда ҳам Озарбайжонда қўлёзма намуналарини тўплаш, сақлаш, ўрганиш ва тарғиб этишга катта эътибор қаратилмоқда, ҳар йили халқаро китоб ярмаркалари ўтказилмоқда, бу ерда китобхонлик маданияти тарғиб қилинмоқда, ёзувчи ва китобхонлар учрашувлари учун майдон яратилмоқда.
Учрашувда янада яқин ҳамкорлик, тадбир, тақдимот ва лойиҳаларни амалга ошириш, мазкур кутубхона ва Озарбайжон кутубхоналари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, кутубхона фондини бойитиш ва келгусида бошқа тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Озарбайжон Маданият Маркази томонидан Миллий кутубхонага Озарбайжон маданияти, тили, тарихи, адабиёти ва бошқалар мавзуларга оид 500 дан ортиқ китоблар совға қилинди.