Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Самарқанд вилоятига ишчи ташрифи давомида Самарқанд туманидаги “Навобод наслли парранда” фермер хўжалигида бўлиб, агропарранда кластери лойиҳаси тақдимоти билан танишган.
Мазкур хўжалик йилига 17 минг тонна парранда гўшти етиштиради ҳамда 75 миллион дона инкубатор жўжасини очиради. Янги агропарранда кластери ишга тушгач, 100 минг бош наслли ота-она галаси, 5 миллион бош иккинчи тартибли наслли парранда, 875 миллион дона инкубацион тухум, 700 миллион бош бир кунлик жўжа ва 1 миллион тонна парранда гўшти етиштириш кўзда тутилган.
Бунинг учун зарур бўлган 700 миллион тонна озуқа ишлаб чиқариш кооперация асосида йўлга қўйилади. Натижада йиллик экспорт ҳажми 180 миллион АҚШ долларига етиши кутилмоқда.
Вазир лойиҳа билан танишиб, унинг истиқболлари юзасидан масъуллар билан фикр алмашди. Шунингдек, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ҳам фаолиятни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилаётгани қайд этилди. Самарқанд вилоятининг учта туманида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида жўжа етиштириш ва уларнинг озуқасини таъминлаш бўйича ишлар бошланган.
Хабарда айтилишича, бу тизим маҳалла аҳолисининг даромадини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Мисол учун, бир оила 40 кун давомида 500 бош жўжани етиштириб, 9 миллион сўмгача соф фойда олиши мумкин. Айни пайтда ушбу лойиҳага қизиқиш билдираётганлар сони ортиб бормоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.