Инсон қадри-ҳамма нарсадан устундир!

Инсон қадри-ҳамма нарсадан устундир!


Тарихий манбаларга таянадиган бўлсак, момоларимиз, хотин-қизларимиз халқимиз томонидан ниҳоятда эъзозланган. Пайғамбаримиз ҳадиси шарифида «Жаннат оналарнинг оёғи остидадир» деб бежизга айтилмаган. Буюк сиймоларимизнинг асарларида ҳам оналаримиз, хотин-қизларимизнинг қадр-қиммати кўкларга кўтарилиб, ҳуқуқ ва эркинликлари ва қонуний манфаатдари ҳар томонлама ҳимояланганлиги ва фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилганлигининг гувоҳи бўламиз.

Жаннатмакон юртимиз янада фаровонлашиб, халқимизнинг турмуш тарзи кун сайин яхшиланиб бормоқда. Юртимизда тинчлик, хотиржамлик ва осойишталик ҳукм сураётган бир даврда баъзи ноқобил оилаларда аёлларимиз, айниқса хотин-қизларимизнинг тазйиқ ва зўравонликка учраб изтироб чекиши жамиятимизнинг энг оғриқли муаммосидир.

Зўравонлик кўпчиликка тушунарли бўлиши мумкин ва уни содир этганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар назарда тутилган. Лекин тазйиқ нима экани хусусида қисқача тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ, бизнингча. Умуман олганда тазйиқ деб содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади.

Мисол учун, иш жойини ёхуд моддий имтиёзларини йўқотишга шаъма қилиш, босим ўтказиш, ўз хоҳишига қарши муносабатларга киришишга мажбурлаш ҳам айнан тазйиқнинг кўринишидир.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларимиз, уларнинг вояга етмаган фарзандларини ижтимоий жиҳатдан давлат муҳофазаси ва қонун ҳимояси борасида бир қатор қонунлар ва қонун ости норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб ижроси таъминланмоқда.

Зўравонликдан азият чеккан шахсларга кўрсатиладиган ижтимоий хизмат сифатини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш мақсадида қабул қилинган “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 майдаги 175-сон Қарори муҳим аҳамиятга эгадир.

Ушбу қарорнинг моҳиятидан келиб чиқиб, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган ёки тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланган аёл жинсидаги шахс, деб айтишимиз мумкин.

Мазкур қарор қабул қилиниши натижасида жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида изчил ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Зўравонлик ҳолатларида ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг
3 босқичли “оила – маҳалла – туман ва ҳудуд” тамойили асосида қуйидаги янги тизим жорий этилди:

Махаллада ижтимоий ходим профилактика инспектори билан биргаликда тазйиқ ҳолати мавжуд бўлган хонадонни ўрганади ва доимий кузатиб боради;

Туман даражасида шифохоналарнинг шошилинч бўлимларида(2-4 та койкали туну-кун ишлайдиган) бирламчи кўмак хоналари ташкил этилди.

У ерда жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшилаш учун тазйиқ ва зўравонликка учраган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари уч суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштирилади ва шошилинч биринчи ёрдам, шу жумладан, руҳий, психотерапевтик ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, юқумли касалликлар мавжудлиги тўғрисида таҳлиллар ўтказилади. Уларга кўрсатиладиган ёрдам тури харажатлари давлат томонидан қопланади. Бирламчи кўмак хоналари барча ҳудудларда ташкил этилди.

Вилоят даражасида реабилитация марказларида 6 ойгача бошпана ва чуқур реабилитацияга қаратилган психологик, ижтимоий ҳамда ҳуқуқий хизматлари кўрсатилади. Бирламчи кўмак хоналари камида 4 та ўриндан иборат бўлиб, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ жиҳозланган бўлиши зарур.

Хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари уч суткадан кўп бўлмаган муддатга “Инсон” марказларининг йўлланмаси ёки профилактика инспектори томонидан расмийлаштирилган далолатнома асосида жойлаштирилади. Йўлланма шакли Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги, далолатнома шакли эса Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган.

Шу билан бирга, бирламчи кўмак хонасига олиб келинган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг талабларидан келиб чиқиб, зудлик билан қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

Шошилинч қабул бўлими шифокори томонидан олиб келинган вақтда жароҳатлар мавжуд бўлганда ёки хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари шикоятига кўра тиббий ёрдам;

хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг руҳий ҳолатини текшириш учун психиатр кўриги.

Бирламчи кўмак хоналарига жойлаштирилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари овқат ҳамда шахсий гигиена воситалари билан таъминланади.

Бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилган хотин-қизлар билан “Инсон” марказларининг ижтимоий ходими суҳбат ўтказади ҳамда уларнинг хоҳишига кўра :

– психологик хизматлар;

– қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий хизматлар;

– ҳимоя ордерини олишда кўмаклашиш;

– хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг йўқотилган ҳужжатларини қайта тиклашга кўмаклашиш;

– “Инсон” марказлари томонидан кўрсатилмайдиган бошқа турдаги давлат хизматларидан фойдаланишга кўмаклашиш;

– касб-ҳунар ўрганиш истагини билдирган хотин-қизларни ҳудудлардаги мономарказ ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида касбга ўргатиш учун йўлланма бериш хизматлар кўрсатилиши мумкин.

Ижтимоий ходим хотин-қизлар билан қўшимча суҳбат ўтказиш орқали уларнинг ҳудудий марказларнинг чуқурлаштирилган реабилитация хизматларидан фойдаланиш истагини аниқлайди.

Бунда ҳудудий марказларга жойлаштириш учун хотин-қизларга ҳимоя ордери расмийлаштирилган бўлиши лозим.

Ҳудудий марказларга жойлаштиришга ёки ҳимоя ордери расмийлаштиришга розилик билдирмаган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари “Инсон” марказларининг психологлар гуруҳи ва ҳуқуқий масалаларда эксперт маслаҳатчи хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Ҳимоя ордери расмийлаштирилган ва ҳудудий марказларнинг чуқурлаштирилган реабилитация хизматларидан фойдаланиш истагини билдирган хотин-қизлар бирламчи кўмак хоналарида касалликлар мавжудлигини аниқлаш юзасидан тиббий кўрикдан ўтказилади.

Қуйидаги касалликлар мавжуд бўлган хотин-қизлар ҳудудий марказларга жойлаштирилмайди:

– беморнинг ўзи ва атрофдагилар учун хавфли бўлган қўпол ҳамда хулқий бузилишлар билан кечадиган руҳий касалликлар, хусусан, тез-тез (ҳар ойда 5 мартадан кўп) тутқаноқ содир бўладиган эпилепсия, мунтазам тутқаноқларга, эпилептик мақомга, кун охирига бориб бўшашувчанликка, дисфорияларга мойиллик касалликлари;

– жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;

– юқумли тери ва соч касалликлари;

– ўткир юқумли касалликлар;

– салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;

– таносил касалликлари (ОИВ инфекцияси бундан мустасно).

Ушбу касалликлар аниқланган хотин-қизлар тегишли даволаш-профилактика муассасаларига юборилганда, “Инсон” марказлари томонидан зарур ҳолларда масофадан туриб хизматлар кўрсатилади ҳамда ушбу муассасалардан чиқарилгандан сўнг ижтимоий ходим уларни розилик асосида ҳудудий марказларга жойлаштириш чораларини кўради. Бунда хотин-қизларга берилган ҳимоя ордерининг муддати тугаган ҳолатларда ҳам улар ҳудудий марказларга жойлаштирилиши мумкин.

Тайзиқ ва зўравонликга учраган хотин-қизларда ушбу кассаликлар аниқланмаган тақдирда, шошилинч қабул бўлими тиббий хулоса расмийлаштиради ҳамда “Инсон»” марказларига тақдим этади.

Шу ўринда айтиш ўринлики, республика бўйлаб 192 та туман шаҳарларда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахслар учун шифохоналарда туну кун ишлайдиган “Бирламчи кўмак хоналари” ташкил этилди

“Бирламчи кўмак хоналари” га аёллар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари 3 суткага бирламчи руҳий-психотерапевтик ёрдам учун профилактика инспектори далолатномаси ёки “Инсон” маркази йўлланмаси асосида жойлаштирилади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахслар «Ишонч телефони 1146» га, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига ёки ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг «102» телефон рақамларига мурожаат қилишлари мумкин.

Бу билан зўравонлик ва тазйиқларнинг тўлиғича олди олинди дегани эмас. Касалликни яширсанг иситмаси ошкор қилади деганларидек, асосий мақсадимиз можарони куртак ёйишини олдини олиш чораларини кўришимиз керак.

Энг ачинарлиси жанжал суронли оилаларда содир бўлаётган холатлар беғубор мурғак болажонларимизнинг онгги тафаккурига салбий таъсирини ўтказмай қўймаслигини барчамиз яхши биламиз. Боланинг бегонаси бўлмайди, шундай экан оила мустаҳкамлиги учун ёши улуғ нуроний қарияларимизнинг панди насиҳатини нега четга суриб қўйдик. Маҳалла куй қаерга қараяпди?

Бир замонлар ёши улуғларимизнинг панди насиҳати ҳамма нарсадан устун бўлган. Улар ҳар қандай можароларни олдини олишга ўзининг ҳиссасини қўшишган.

“Қариси бор уйнинг париси бор” деганларидек, ҳаётни оғир енгилини бошидан ўтказган қарияларимиз ҳаётга ҳеч қачон енгил елпи қарашмайди. Улар бизданда кўра оилани тинчлиги учун бутун қалби билан курашишини унутмаслигимиз керак.

Хулоса қилиб айтганда тайзиқ ва зўравонлик жамиятдаги энг ёмон иллат сифатида инсонлар ўртасидаги тенгликни, эркинликни йўққа чиқаради. Қарамлик, қуллик, бошқалар устидан ҳукм юритиш, уларни таҳқирлаш ва камситишга олиб келади. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни доимий такомиллаштириб бориш мақсадга мувофиқ.

Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминлаш зарур. Жамиятда хотинқизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш керак.

Хотин-қизлар ва эркакларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ўта муҳимдир.

Бундан ташқари бу масалада ҳар бир фуқаро бепарволикка йўл қўймасдан жамоатчилик асосида сидқи дилдан курашадиган бўлса албатта ижобий натижаларга эришишимиз муқаррардир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маъсул ходими Зулайҳо Камолходжаева

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.