Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида вояга етмаган ўсмир машина бошқариб, ҳалокатга учради. Машина ичида бўлган шерикларидан икки нафари ҳодиса жойида вафот этди. Бу ҳақда “Ҳудуд” дастурида маълум қилинди.
Билдиришича, жорий йилнинг 19 апрель куни Қарши тумани “Қозикент” маҳалласида 14 ёшли вояга етмаган бола ўз отасининг машинасини рухсатсиз олиб чиққан ва ҳалокатга учраган. Оқибатда автомашина ичида бўлган унинг икки нафар дўсти воқеа жойида ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, машина салонида жами 5 киши бўлган. 2011 йилда туғилган мактаб ўқувчиси “Gentra” русумли машинани тез ҳайдаши оқибатида бошқарувни йўқотган ва йўл четида тўхтаб турган юк машинасига бориб урилган.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва айни дамда Қарши туман ички ишлар органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.