Ўзбекистон ва Кот д’Ивуар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди

Ўзбекистон ва Кот д’Ивуар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди

29 апрель куни Нью Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Кот д’Ивуар республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Кот д’Ивуарнинг БМТдаги доимий вакили Тиемоко Морико имзолади.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топиш учун икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Африка қитъа мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштиришда муҳим қадам бўлди, дейилади хабарда.

Шу тариқа, Ғарбий Африкада жойлашган Кот д’Ивуар Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 160-давлатга айланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 159-давлат Тинч океанидаги орол мамлакат, Ер юзидаги энг кичик мустақил республика — Науру бўлганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.